Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ҳудудларда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича аниқ чоралар кўрилмоқда. Бунда давлат идоралари, шу жумладан, солиқ идоралари тадбиркорларга яқиндан кўмакдош бўлиши, мавжуд муаммоларни аниқлаб, уларни тезкор ҳал этиш чораларини кўриши лозимлиги кўп бор айтилмоқда.
Бу борада, Президентимиз томонидан солиқ идораларига янги вазифа, яъни «Солиқ идораси – тадбиркорга кўмакчи» тизимини йўлга қўйилганлиги тадбиркорлар ҳамда бизнес субъектларига яқиндан ёрдам бераётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Бироқ, минг афсуски, айрим ҳолларда ана шу тартибларга риоя этилмаслик ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Бундан эса тадбиркорлик субъектлари азият чекмоқда. Масалан, Андижон шаҳридаги “Uz-SaeMyung Co” Ўзбекистон – Корея АЖ қўшма корхонаси томонидан ижтимоий солиққа 27,0 миллион сўм ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига 1 миллиард 42,0 миллион сўм маблағ Андижон шаҳар ДСИдаги корхонанинг аввалги, ҳозирда фойдаланилмаётган ҳисоб варақаси орқали нотўғри ўтказиб юборилган.
Корхона нотўғри ўтказиб юборилган маблағни қайтариш юзасидан Андижон шаҳар давлат солиқ инспекциясига, бошқа ташкилотларга бир неча бор мурожаатлар қилган. Ярим йилдан кўп вақт ичида нотўғри ўтказиб юборилган маблағнинг 353,8 миллион сўми қайтариб берилган холос, қолган 715,2 миллион сўми ўтказиб берилмаган.
Андижон шаҳар ДСИ томонидан қўшма корхона маблағлари қайтариб берилмаганлиги натижасида корхонада маълум иқтисодий қийинчиликлар юзага келган.
Мазкур ҳолат бўйича, Бизнес-омбудсман томонидан Андижон туманлараро иқтисодий судига тадбиркорлик субъекти манфаатини кўзлаб даъво аризаси киритилди. Суд қарори билан Андижон шаҳар ДСИ томонидан тадбиркорлик субъектининг 688,1 миллион сўм маблағи қайтарилиши таъминланди.
Шунингдек, суднинг ҳал қилув қарорига асосан, Андижон шаҳар ДСИ ҳисобидан “Uz-SaeMyung Co” акциядорлик жамияти қўшма корхонаси фойдасига қолган 27,0 миллион сўм маблағни ундириш ҳам белгиланди.
Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга қаратилган ислоҳотлар жараёнида тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идораларнинг кун тартибидаги устувор масала – тадбиркорларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини тезкор ҳал этишдир. Ҳеч бир масъул идора мазкур масалага эътиборсиз қарамаслиги лозим.
Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ, ЎзА