Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакилларини қийнаб келаётган муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, уларга етарли шарт-шароитлар яратиш бугунинг долзарб масалаларидан биридир. Ўз фаолиятини бошлаш истагидаги ишбилармонларга зарур шароитларни яратиш янги иш ўринларни ташкил этишга туртки бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 5 майдаги фармони билан тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувига чек қўйиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти таъсис этилган эди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштирувчи органлар томонидан ўтказиладиган текширувларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Бизнес-омбудсман томонидан амалга оширилиши тасдиқланди.
Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Наманган вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– «Қизил ҳудуд»га киритилган Мингбулоқ ва Янгиқўрғон туманларининг тадбиркорлик муҳитини яратишда амалга оширилган ишларини ўрганиб чиқдик, – дейди Бизнес-омбудсманнинг Наманган вилояти бош инспектори Хусниддин Аҳмедов. – Бу борада Тадбиркорлик субъектларини қийнаб келаётган бир қатор муаммолар борлиги аниқланди. Таҳлил якунлари асосида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиясида мавжуд муаммолар бартараф этилиши таъминланди.
Ўтган 2020 йил давомида Бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги ходимлари томонидан тадбиркорлардан келиб тушган 216 та мурожаатдан 171 таси кўриб чиқилиб, шундан 115 таси, бошқача айтганда 67 фоизи ижобий ҳал этишга эришилди.
Мурожаатлар таҳлилига кўра, аксарият тадбиркорлик субъектлари банк-кредит (47 та), ер, компенсация ва маҳаллий ҳокимият органлари хатти-ҳаракати (40 та), шартномавий муносабатлар (20 та), рухсатнома ва лицензия (16 та) ҳамда солиққа оид масалалардан қониқмаган.
Бунинг натижасида тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 109 та таъсир чораси қўлланилди. Хусусан, ҳуқуқни муҳофаза этиш идораларига бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан саккизта даъво ариза ва 21 та тақдимнома киритилди. Етти нафар мансабдор шахс қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик ҳақида огоҳлантирилди. 71 нафар жавобгар масъул шахс эса тадбиркорнинг ҳуқуқларини бузганлиги ва мурожаатларни ўз вақтида кўриб чиқмаганлиги сабабли маъмурий жавобгарликка тортилди. 473 миллион 807 минг сўм тадбиркорлар фойдасига ҳал этиб берилди. Бу ҳам бўлса, соҳада шаффофликни таъминлаш ва коррупция ҳолатларига барҳам беришга қаратилган.
Давлат органларига аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан киритилган тақдимномалар ва хатлар асосида ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаган 25 нафар раҳбар-ходим интизомий жавобгарликка тортилган бўлса, икки нафари эгаллаб турган вазифасидан озод этилган.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш ва текширишлар ўтказилишининг олдини олиш юзасидан ўтказилган мониторинглар натижасида 700 га яқин қонунбузилиши ҳолати аниқланиб, назорат қилувчи органларнинг 24 нафар мансабдор шахсининг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди, учта назорат қилувчи органга йўл қўйилган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш, келгусида йўл қўймаслиги учун тақдимномалар киритилди.
Вакил девонининг хатлари ва сўровлари асосида 8 та тадбиркорлик субъектига 706 600 кв.м ер майдонлари ажратилиши ва расмийлаштирилишида амалий ёрдам кўрсатилди.Масалан, Уйчи туманидаги автотранспортларга техник хизмат кўрсатувчи корхона раҳбари Абдувоҳид Ғаффоров 15 йилдан бери якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятида турли тўсиқларга учраб, ҳали у, ҳали бу идора эшиги олдида ойлаб вақт ўтказган. Унинг масъул ташкилотларга қилган мурожаати ижобий ҳал этилмагани сабабли, кўп йиллар меҳнат фаолиятида унум, ишида барака бўлмаган. Ниҳоят, 2020 йилга келиб, қилган мурожаати Бизнес-омбудсман томонидан ижобий ҳал этиб берилди. Ҳозирда олтита иш ўрни яратган тадбиркор келгусида ишчилар сонини 50 кишига етказишга аҳд қилган.
Бугунги кунда “E-IJRO AUKTSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали тадбиркорлик фаолияти учун мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг сотилиши йўлга қўйилган. Коронавирус пандемияси шароитида “E-IJRO AUKTSION” савдо майдончаси орқали мулкларни сотиб олишга бўлган қизиқиш анчайин ортгани, электрон аукционларда уйда ўтириб ҳам иштирок этиш мумкинлиги тадбиркорлар учун айни муддао бўлмоқда.
Баҳодир Умаров ўзининг тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида туман ҳокимлигига ер сўраб мурожаат қилган. Унга ер сотиб олиш “E-IJRO AUKTSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилиши тушунтирилган эди. Фуқаро аукционда иштирок этиб, ўзига маъқул бўлган ҳудуддан 70 квадрат ер майдонини олди ва 2 та янги иш ўрни яратди.
Бундан ташқари, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали берилишида 2 минг 500дан ортиқ қонунбузилиши ҳолати аниқланиб, бунга йўл қўйган 20 дан ортиқ шахс маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ўнга яқин тақдимнома киритилди. Кўрилган чоралар натижасида вилоятда ҳозирги кунда 970 та бўш ер участкаси аниқланиб, уларнинг 577 таси электрон савдо майдончасига юборилди, 195 та ер майдонлари сотилиши таъминланди.
Бизнес-омбудсман томонидан Наманган вилояти ҳокимлигига киритилган тақдимномага асосан, ер майдонларининг нархлари ҳудудга мувофиқ белгиланиши таъминланганлиги тадбиркорлик субъектларининг ер майдонларини аукционда сотиб олиш имкониятини янада кенгайишига сабаб бўлди.
Бундан ташқари, тадбиркорларнинг банк ҳисоб-рақамларига солиқ ва мажбурий ижро органлари томонидан қўйилган 4 та инкасса тўлов топшириқномаси ва 2 та тақиқни олинишига, ортиқча ундирилган 156 миллион сўм пул маблағларини тадбиркорларга қайтарилишига эришилди. Асоссиз ҳисобланган 134 миллион 200 минг сўм солиқ тўлови ҳисобдан чиқарилишига эришилди. Таъсирчан солиқ механизмининг бекор қилиниши натижасида солиқ органлари томонидан ундирилган 380 миллион сўм тадбиркорлик субъектларига қайтарилиб, банк ҳисоб рақамларига қўйилган инкасса тўлов топшириқлари олинди.
Жумладан, “GOLDEN-SILK” масъулияти чекланган жамиятининг таъсирчан солиқ механизмини тўхтатилиши юзасидан қилган мурожаати ўрганиб чиқилиб, Янгиқўрғон тумани ҳокимлигининг 2020 йил 17 ноябрдаги хулосаси билан таъсирчан солиқ механизми тўхтатилди.
Шунингдек, 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъектига ва ўз бизнесини бошлаш истагидаги фуқароларга қарийб 4 миллиард 701 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағи ажратилиши таъминланган.
Масалан, “VODIY OROM SOHILI” масъулияти чекланган жамиятининг мурожаати асосида унга тақдим қилинган 26 фоизлик кредит ҳужжатлари қайта расмийлаштирилиб, имтиёзли асосда 1 миллиард сўм миқдорида банк кредити олиб берилди. Натижада, «Сув қадоқлаш ускунаси ва сув идишлари учун капсулалар» сотиб олиниб, чет давлатлар минерал сувлари билан баҳслаша оладиган экспортбоп минерал сув ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.Вилоятга импорт қилинаётган технологик ускуналардан самарали фойдаланиш доимий мониторинг қилиниб, уларни ишга тушириш бўйича тадбиркорларга яқиндан ёрдам бериб келинмоқда. Жумладан, ўтган йили 126 тадбиркор томонидан 18 миллион 903 минг 700 АҚШ долларлик 217 та технологик ускуна импорт қилинган бўлиб, шундан 98 тадбиркорнинг 11 миллион 204 минг 900 АҚШ долларлик 178 та технологик ускунаси ишга туширилди. Бунинг натижасида 1 минг 177 та янги иш ўрни яратилди. Қолган 28 тадбиркорнинг 7 миллион 689 минг 800 долларлик 39 та технологик ускунасини ишга тушириш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
Бизнес-омбудсманнинг истиқболдаги энг устувор вазифаси тадбиркорлик ва инвестиция муҳитини кескин яхшилаш, тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, бу борада қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини оғишмай риоя этилишини назорат қилишдир. Бу борада тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий ҳимоясини мукаммал даражада таъминлаш, ҳар қандай босқичда «тадбиркор билан ёнма-ён» тамойилига таянган ҳолда фаолият олиб бориш мақсад қилинган. Зеро, тадбиркор бу – иқтисодиётимизнинг чинакам «драйвери», яъни ўсиш нуқтасидир.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА