Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бизнес марафон – ёш тадбиркорлар учун яна бир имконият
15:00 / 2021-11-16

Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида «Бизнес марафон» тадбирининг иккинчи мавсумига старт берилди. «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси томонидан ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, инновацион ғоя ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва мутахассисликлар, бизнесни юритиш кўникмаларига ўқитиш орқали ёшларнинг фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, жамғарма ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда «MFaktor» ҳамкорлигида амалга оширилаётган «Бизнес марафон» лойиҳаси ҳам ҳудудлардаги ўз қўли билан келажагини яратиш, ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, имкониятларини юзага чиқариш ниятидаги фаол ва интилувчан ёшларни қамраб олмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш, турли йўналишларда фаолият юритаётган тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни моддий ҳамда маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштиришга қаратилган ишлар ёшларнинг тадбиркорликка бўлган қизиқиш ва иштиёқини оширмоқда, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бошқармаси раҳбари Ойбек Юлдашев. – Хусусан, ўтказилаётган «Бизнес марафон» лойиҳаси ҳам ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

[gallery-4681]

Республикамизнинг турли ҳудудларида ўтказилган лойиҳанинг дастлабки босқичида 30 минг нафардан зиёд ёш тадбиркор, уюшмаган ёшлар вакиллари ҳамда талабалар иштирок этган эди. Андижонлик ёшларнинг фаоллиги, қизиқиш ва интилишлари ҳисобга олиниб «Бизнес марафон»нинг иккинчи мавсумига айнан Андижондан старт берилди.

«Бизнес марафон» тадбирлари давомида самарали фаолият юритаётган тадбиркорлар, машҳур бизнесменлар томонидан бизнес режалар тайёрлаш, тадбиркорликни бошлаш учун нималарни билиш ва нималарга эътибор қаратиш зарурлиги ҳақида иштирокчи ёшларга кенг тушунча ва маълумотлар берилди. Шунингдек, иштирокчилар бизнесни ривожлантиришда қўл келадиган дунёдаги илғор тажриба ва замонавий воситалар билан таништирилади.
Республикамизда фаолият кўрсатаётган энг илғор тадбиркорлар иштирокидаги ушбу марафон бизнесни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш, бизнес ва тадбиркорлик фаолиятига замонавий технологиялар, инновацион ишланмаларни жалб этиш, жаҳон бозорига чиқиш, умуман, ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, тадбиркорлик борасидаги иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда.
Марафон доирасида ўтказилган тренинг ва машғулотларда қатнашган андижонлик ёшлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга юртимизнинг машҳур тадбиркорларидан тўлақонли жавоблар олиш, қолаверса, бизнес борасида мустақил хулоса чиқариш имконига эга бўлди.

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА