Мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини жадал ривожлантириш, айниқса, ёшларнинг бизнес билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш ҳамда уларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Республикада биринчи бўлиб Наманган вилоятида старт берилган “Бизнес марафон” айни шу эзгу мақсадлар рўёби учун муҳим қадамдир.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, “Yoshlar - kelаjagimiz” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш республика маркази ҳамкорлигидаги мазкур лойиҳа бошланиши муносабати билан вилоят ҳокимлигида маҳаллий тадбиркорлар иштирокида учрашув ташкил этилди.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов “Бизнес марафон” спикерлари саналган Ўзбекистоннинг етакчи тадбиркорларига Наманганнинг тадбиркорлик салоҳияти, ўзига хос жиҳатлари, қолаверса, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хусусан ахборот технологиялари соҳасида етук мутахассислар тайёрлаш мақсадида кўрилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар, амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
– Тадбиркор ўз ўрнини топиши учун қаттиқ меҳнат қилиши керак, – деди Шавкат Абдураззоқов.
– Муваффақиятга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Ҳар бир ютуқ замирида заҳматли ҳаракат, уйқусиз тунлар ётади. Ёш тадбиркорлар тажрибали мутахассислардан бу борадаги амалий ишлари ҳақида эшитиши уларга руҳ ва шижоат бағишлайди. Наманганнинг тадбиркорликда ўз мактаби бор. Уни янада ривожлантириб, янги нуқтага олиб чиқишда тажрибалиларнинг ўрни беқиёс.
Мазкур лойиҳа Президентимизнинг 2021 йил 3 февралдаги фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини бажариш, қолаверса, ёшлар ўртасида бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги лойиҳаларни амалга оширишга туртки бериши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
– Республика бўйлаб янги лойиҳа – “Бизнес марафон”нинг илк манзили сифатида Наманган танлангани бежиз эмас, – деди Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев.
– Чунки, Наманганда бу жабҳада муайян тажриба тўпланган ва таҳлилларга кўра, тадбиркорликни бошлаш ниятидаги ёшларнинг энг кўп улуши айнан шу вилоятга тўғри келади.
Вилоят раҳбари ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва бошлаётган ёшлар учун бу каби амалий тадбирларнинг аҳамияти юқори эганлигини таъкидлади. Самимий руҳда ўтган учрашувда ҳамкорлик истиқболларига доир вазифалар белгилаб олинди.
[gallery-1936]
“Бизнес марафон” доирасидаги тадбирлар “Муваффақиятга эришиш сирлари” мавзуидаги мотивацион тренинг билан Наманган шаҳрида янги барпо этилган “Янги Ўзбекистон – ёшлар зиё маскани” кутубхонасида давом эттирилди.
Эътиборлиси шундаки, маҳорат сабоқларига тадбиркорлик соҳасига қизиқувчи уч юзга яқин ёшлар қаторида катта ёшдаги кишилар ҳам ҳозир бўлдилар.
Юртимизнинг кўзга кўринган, бизнес соҳасида катта марраларни забт этган таниқли тадбиркорлар –“Dekos.uz” асосчиси Ҳасан Мамасаидов, “Deli.uz" асосчиси Ҳусан Мамасаидов, “Нажот таълим” ўқув маркази таъсисчиси Темурбек Адҳамов, “Asaxiy.uz” онлайн дўкони асосчиси Фирузбек Аллаев ва “Cambrige” ўқув маркази раҳбари Жаҳонгир Пўлатовлар ўз тажрибалари, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ва муваффақиятга эришиш ва бу йўлдаги бошидан кечирган машаққатли меҳнат онлари ҳақида сўзлаб берди.
Ёшлар спикерларга одатий, сийқаси чиққан саволларни эмас, балки тадбиркорлик фаолияти давомида ўзлари учраган муаммоларга қандай ечим топиш борасидаги саволларни йўллаб, тажрибали, юқори кўникмаларга эга ишбилармонлардан фойдали ва муҳим бўлган жавобларни олди.
Стартап лойиҳаларини бошлаш, бизнесда устоз ва шогирдликнинг ўрни, инвестиция жалб этишдаги устувор йўналишлар, маркетингни самарали юритиш бўйича тавсиялар берилди.
– Ижтимоий тармоқлар орқали ака-ука Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовларнинг “M Faktor” лойиҳасини мунтазам равишда кузатиб бораман, – дейди Наманган давлат университетининг битирувчи талабаси Зулхумор Алиева.
– Моҳир тадбиркорларнинг тавсияларига таянган ҳолда ўзим таҳсил оладиган йўналиш асосида “Акадамия Реннесанс” нодавлат таълим муассасасини ташкил этдим. Тадбиркорлик орқали ўқувчиларни олий ўқув юртлари ва “IELTS” синовларига тайёрлаш, ҳамда хорижий тилларни ўргатишдек эзгу ишларга озми-кўпми ҳиссамиз қўшилса, хурсанд бўламиз. Бу борадаги ишларни тўғри ва самарали йўлга қўйишда мотивацион тренингнинг аҳамиятини теран ҳис этдим.
Бир сўз билан айтганда, “Бизнес марафон” доирасидаги тадбирлар ўз бизнес фаолиятини бошлаш истагидаги ёшлар учун чинакамига тажриба ва ўзига хос мотивация майдони бўлди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА