“Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан “маҳалла банкирлари” учун семинар-тренинг ўтказилди.
Мамлакатимизда тижорат банклари фаолияти маҳаллагача туширилгани ўз натижасини бермоқда. Хусусан, ўтган йилнинг 16 декабрида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида банклар иштирокида маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилишга қаратилган устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирилган таклиф асосида “Маҳалла банкирлари” фаолияти йўлга қўйилгани “маҳаллабай” ишлаш тизимида янги босқични бошлаб берди.

Хозирги кунда “Ўзмиллийбанк” АЖ томонидан Тошкент шаҳри туманларида маҳалла банкирлари ва маҳалла агентлари фаолияти йўлга қўйилган. Улар аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, мавжуд корхоналар салоҳиятини кенгайтириш ва маҳаллада қўшимча имкониятлар яратиш борасида фаоллик кўрсатмоқда.

“Ўзмиллийбанк” АЖ ташаббуси билан маҳалла банкирлари ва агентларининг билим даражаси, касбий малакаси ва самарадорлик кўрсаткичларини ошириш мақсадида жорий йилнинг 17 сентябрь куни “Zakovat Arena” биносида семинар-тренинг ўтказилди. Унда “Ўзмиллийбанк” АЖ ва Марказий банк масъуллари ва спикерлари иштирок этди. Тадбир савол-жавоб, тақдимот ва интерактив материаллар асосида ташкил этилди. Спикерлар ҳаётий мисоллар билан қандай қилиб маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш мумкинлигини тушунтириб берди.

Тадбир иқтидорли ёшларни бирлаштирган заковат интелектуал ўйини билан якунланди ва дастурнинг фаол иштирокчиларига эсдалик совғалари топширилди. Бу туркумдаги тадбирлар республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказилмоқда.
“Ўзмиллийбанк”
АЖ матбуот хизмати