Бизда назардан четда, хорижда тансиқ таом
Ҳа, бу кўпчилигимизга таниш, қир-адирларда ўсадиган бутасимон ковул меваси.
Мулоҳаза
Уни қишлоқ болаларини айтмаса, бизда деярли истеъмол қилиш одат эмас. Аммо бу ўсимликнинг гулкуртаги кўплаб хорижий мамлакатлар тамаддихоналарида тансиқ газак таом ҳисобланар экан.
Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги «OʼRMONCHA – CAPERS» масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг ўтган даврида хорижга 400 минг долларлик ковул сотди.
Корхона ўтган йилдан буён шу соҳада фаолият юритиб келмоқда. Италия, Испания, Греция, Туркия каби мамлакатларга 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилган. Бу йил ҳам йил охиригача шунча миқдорда ковул ғунчалари экспорт қилиниши мўлжалланмоқда.
Айни кунларда корхона жамоаси Италия ва Испанияга экспорт қилиш учун яна 30 тоннага яқин маҳсулот тайёрлаб қўйди.
– Корхонамизда териб олинган ковул гулкуртакларини саралаш, ювиш ва идишларга жойлаш ишлари махсус механизациялашган ускуналарда амалга оширилади, – дейди масъулияти чекланган жамият раиси Бекмурод Ғопиров. – Идишларга жойланган маҳсулотларнинг барчаси хорижга экспортга чиқарилади. Корхонамизда қишлоғимиздан 50 нафар ёш ишлаяпти. Ҳозирча қир-адирларда табиий ўсиб ётган ковул гулкуртакларини териб олаяпмиз. Келажакда ковулзорлар барпо этиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятидамиз.
Ковул илдизи бақувват, сувсизликка ва совуққа чидамли кўп йиллик бута бўлиб, ўн беш йилгача ўсиб, мева беради. Туман ҳудудида ҳам ковул ўсимлиги азалдан тоғ ёнбағирларида, қир-адирларда, чўл ҳудудларида табиий ҳолда ўсади. Аҳамиятлиси шундаки, ковул ёз бўйи куртак ёзади. Май-июнь ойларида гуллайди, июль-август ойларида меваси етилади. Ҳали очилмаган, 10 миллиметрдан катта бўлмаган думалоқ, қаттиқ куртаклари энг харидоргир маҳсулот ҳисобланади.
Меваси таркибида алкалоидлар, углеводлар, аскорбин кислота каби фойдали унсурлар мавжуд бўлган ковул фармацевтика саноатида хомашё сифатида қадимдан қўлланилади. Янги кесиб олинган ва чой қилиб дамланган ковул шохлари жуда яхши антисептик восита ҳисобланади. Улуғ аждодимиз Абу Али ибн Сино ушбу наботот туридан кўплаб хасталикларни даволашда фойдалангани ҳам халқ табобатига маълум.
Дунёнинг бир қатор мамлакатларида ковулни маданий майдонларда етиштириш йўлга қўйилган. Жаҳон тажрибаси кўрсатишича, бу ўсимликни экиб ўстирганда гектаридан ўртача 125 минг доллардан зиёд даромад олиш мумкин экан.
Кейинги йилларда республикамизнинг бир қатор вилоятларида маданий ковулзор плантациялари барпо этиб, бу маҳсулотни саноат асосида етиштиришни йўлга қўяётган тадбиркорлар ҳам кўпайиб бораётир. Шу боис бу маҳсулотнинг мамлакатимиз экспортидаги улуши ҳам ортмоқда.
Ҳудудининг асосий қисми лалмикор қир-адирлардан иборат бўлган Жиззах вилоятида, айниқса, Фориш туманида ковулчиликни ривожлантириш имкониятлари катта. Президентимиз ўтган йили туманга ташрифи давомида ковул етиштиришни кенгайтиришга эътибор қаратгани ҳам бежиз эмасди.
Аммо ҳозирча бу иш ёввойи ҳолда ўсаётган ковул гултугунларини йиғиштириб, саралаб, хорижга чиқариш билан чекланган. Гултугунлар асосан қишлоқ аҳолиси, ишсиз уй бекалари, болалар томонидан терилиб, тайёрловчи тадбиркорларга топширилади.
Аммо сувсиз, юриш қийин бўлган тоғ бағирларида бутун танаси тикондан иборат ковул ўсимлиги орасидан унинг гулкуртагини олиш қийин, ўта унумсиз иш. Аксарият ҳолларда анча хавфли.
– Болаларим билан ҳар йили ковул теришга чиқиб, 1-1,5 миллион сўм ишлаймиз, – дейди Фориш тумани Эгизбулоқ қишлоғида яшовчи Ўлбусин Хидирова. – Уч киши бўлиб кунига 10-12 килогача териб, килосини 5 минг сўмдан топширамиз. Аммо болаларнинг ўзини юбориб бўлмайди, ковул кўпинча жарликлар, тик қияликларда ўсади. Бутанинг орасида заҳарли газандалар, айниқса, илон, чаён кўп бўлади. Шунинг учун ўзим бормасам, болаларни ҳам юбормайман.
Ковул териш мавсумида жароҳатланиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Аммо норасмий меҳнат, ҳеч ким бу ишда масъулиятни зиммасига олмаган.
Ковулни қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган майдонларда етиштиришни, қайта ишлаб, яъни истеъмол учун тайёр маҳсулот ҳолида экспортга чиқаришни йўлга қўйиш ҳозиргисидан кўпроқ даромад келтириши ҳам аллақачон исботланган. Бироқ ҳозирча экмасдан, тикмасдан табиат қўйнидан йиғиштириб олиш яхши фойда келтираяпти шекилли.
Бунинг учун маҳсулот тайёрловчи тадбиркорларни айблаш ҳам ўринли эмас. Ковул гулкуртакларини йиғиштириб олиш, қайта ишлаш, қадоқлаш билан боғлиқ жараёнларнинг экологик, техник, механик, гастрологик, озиқ-овқат хавфсизлиги, меҳнатга, маҳсулотга ҳақ тўлаш меъёрлари ҳақида ҳозирча ушбу иш билан шуғулланаётганлар ҳам етарли маълумотга эга эмаслиги тармоқни ривожланишига тўсиқ бўлмоқда.
Ковул етиштиришда фақат тадбиркорлик билан боғлиқ жиҳатларнигина ҳисобга олмасдан, ундан илмий асосда фойдаланиш бўйича тавсиялар, тегишли йўл-йўриқлар, меъёрий ҳужжатлар, агар ҳозиргача бўлса, ишлаб чиқилиб, оммалаштириш зарурияти сезилмоқда.
Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати соҳаларидаги илмий-ишлаб чиқариш муассасалари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Давлат экология қўмитаси каби тегишли идоралардан ушбу масалага муносабатларини кутиб қоламиз.