Биз Жумавой эмасмиз, Робинзонга ҳам эҳтиёжимиз йўқ!
Илгари ҳайрат деган туйғу болаларда кўпроқ бўлса керак, деб ўйлардим. Тоғни кўрсак ҳам, боғни кўрсак ҳам, оғзимиз ланг очилиб қолаверган. Оламни шундай таниганмиз. Борлиқни шундай идрок этганмиз.
Илгари ҳайрат деган туйғу болаларда кўпроқ бўлса керак, деб ўйлардим. Тоғни кўрсак ҳам, боғни кўрсак ҳам, оғзимиз ланг очилиб қолаверган. Оламни шундай таниганмиз. Борлиқни шундай идрок этганмиз.
Глобаллашув деган ғалати жараён шунданам мосуво қилаётганга ўхшайди бизни. Қизиқ, атак-чечак қилиб келаётган янги авлод ҳозир унча-бунча нарсага ҳайратланавермайди.
Тунов куни телеканалларимиздан бирида Робинзон Крузо ҳақидаги фильмни қўяётган экан. Жиянимни ёнимга ўтқаздим. Озроқ томоша қилган бўлди-да, ахийри чидолмай саволга тутди:
— Амаки, ҳозиргина Робинзон Жумавойга “Мана бу осмон, мана бу булут, мана бу дарахт...” деб тушунтириб юрганди. Энди эса Жумавой бир тўда ҳиндуларни кўрсатиб, Робинзонга “Булар менинг қариндошларим” деб айтяпти. “Қариндош” деган сўзни Робинзон қандай қилиб Жумавойга ўргатган бўлиши мумкин? Атрофда иккаласидан бошқа одам зоти йўқ эди-ку, — деса бўладими.
Ҳар қанча мантиқли жавоб топишга ҳаракат қилмай, кор қилмади. “Амаки, барибир ўхшамабди...” деди-ю, жуфтакни ростлаб қолди.
Майли, бугунги тараққиёт даврида оқ-қора рангли кинотасмалар болажонлар учун ниҳоятда зерикарли туюлар. Аммо замонавий киноларимизда ноёб табиат манзаралари ёки ҳайвонот дунёсининг ғаройиб тасвирларига кўзимиз тушса, ўзимиз “Вой, буни қара-я” деворсак ҳам, боламиз ё набирамиз, “Компьютер графикаси-ку”, деб мийиғида кулиб қўя қолади.
Ҳатто катталарда ҳам шундай ҳолат кузатилмоқда. Инновациялар асрида бир уюм темир-терсакдан гапирадиган робот ясаб беришса ҳам, бепарво қараб қўяверишади.
Нега шундай? Чунки онгимизда маълумот кўп. Янгиликни, воқеликни идрок қилишимиз жадаллашган. Интернет том-том энциклопедияларда йўқ маълумотларни, росту ёлғон ахборотларни бир зумда бизга муҳайё қилмоқда.
Хўш, буларни айтишдан муддао не?
Гап шундаки, ҳозирги синовли кунларда худди шу — идрок этиш хусусиятимиз пасайгандай. Тождор вирус деган лаънати инфекция тутумларимизу инстинктларимизни ўзгартириб юборгандай...
Тўғри, ҳозир бу хасталик — энг катта душманимиз. Аммо одамзотни маҳф этаётган бунданам хатарли ёв бор. Бу — ваҳима!
Мутахассислар коронавирусни енгиш учун “домино эффекти”ни мисол қилиб келтирдилар. Занжир ҳалқалари узилишига қиёс этишди карантинни. Қоидалар эса жуда оддий: уйда ўтиринг, масофа сақланг, тиббий ниқоб тақинг, тозаликка риоя этинг... Бор-йўғи шу! Аммо шунгаям амал қила олмаяпмиз баъзида. Қанчадан-қанча кўрсатувув, эшиттиришлар, тушунтиришу тарғиботларга қарамай, касалликни юқтириб олиш ҳолатлари кўпайиб бормоқда. “Оғир ҳолатда шифохонага олиб келинибди”, “Хаста эканлигини яширибди” мазмунидаги ахборотларни ҳам ўқиб қоляпмиз. Наҳотки шунча гап-сўзлар у қулоғимиздан кириб, бунисидан чиқиб кетаётган бўлса?!
Боз устига, ваҳима кучли, ҳовлиқиш кучли, вас-васликка берилиш кучли... Нарх-наво ошармиш, дея қоп-қоп ун, пиёз, картошка ортмоқлаган, долларнинг баҳоси кўтарилармиш, дея банк эшигига қараб от чоптирган одамларниям кўрдик... Эй, барака топгур, очингиздан ўлмассиз, долларсиз ҳам яшаб турса бўлар. Аммо касаллик юқтириб олсангиз-чи? Бола-чақангиз, қўни-қўшниларингиздан ташқари, яна қанча одамнинг жонини хатарга қўясиз-ку!
Негадир шу ўринга келганда маълумоту ахборотларга тўла онгимиз ҳам панд бериб қўяяпти гоҳи-гоҳида. Ваҳоланки, инсоният бундай балога биринчи бор дучор бўлаётгани йўқ.
Қайд этилишича, Ер юзидаги биринчи пандемия XI-XII асрларда бутун дунёни қамраб олган. Ўша пайтда сайёрамиз аҳолиси нисбатан оз бўлган эса-да, юз миллионгача одамнинг ҳаётига зомин бўлган. У “Юстиниан вабоси” номи билан тарихда қолганини эшитган чиқарсиз?!
XIV аср ўрталарида эса Хитойда “қора ўлим” деб номланувчи ўлат пандемияси бошланиб, Европага кириб келади ва жами 34 миллион кишининг ҳалокатига сабаб бўлади.
Яна бир маълумот: XIX аср бошидан то ҳозирги кунгача жаҳонда 7 та вабо пандемияси қайд этилган экан.
Демак, XX аср ҳам бундай офатлардан холи бўлмаган. Хусусан, 1918 —1919 йилларда “испан гриппи” пандемияси бутун дунёни қамраб олади. Ундан 550 миллион киши хасталанади. Бу ўша ўша пайтдаги Ер юзи аҳолисининг 20 фоизига тенг кўрсаткичдир. “Испан гриппи”дан 50 миллион, баъзи манбаларга кўра, 100 миллионгача одам вафот этгани катта фожиа, албатта.
Узоққа бормайлик, 2009 — 2010 йилларда “чўчқа гриппи” номи билан тарқалган “Н1N1” вируси пандемияси рўй берганида дунё бир қалқиб тушган эди. Мексикадан бошланган бу ўлат маълум вақт ўтгач, дунёга ёйилди. 220 мингдан ортиқ одам мазкур инфекцияга чалиниб, қарийб 2 минг киши вафот этади.
Ҳозир жаҳонда COVID-19 коронавирусидан ташқари яна иккита пандемия фаол. Улардан бири — ОИТС. Бу хавфли инфекция 1981 йилдан бери 50 миллиондан ортиқ одамни хасталантирди. Уларнинг 25 миллиондан ортиғи бевақт ҳаётдан кўз юмди. Яна бири 1961 йилда Индонезияда бошланган егтинчи вабо пандемияси бўлиб, касаллик 1970 йилда чўққига чиқди. Аммо Африкагача етиб бориб, яна 52 мамлакатда кенг тарқалди. Энг ёмони, бу ўлат XXI асрда ҳам қайд этилди.
Нима демоқчимиз бу билан? Айтмоқчимизки, ўзимизни эҳтиёт қилишимиз шарт! Фақат хотиржамлик билан! Ваҳимага берилмасдан! Зеро, Робинзондек чорамиз чекланган муҳитда яшаётганимиз йўқ. “Бу — коронавирус, у жуда хавфли инфекция, юқтирсангиз, ёмон бўлади, ундан сақланиш учун фалон-фалон нарсаларга риоя қилиш зарур” дея ўргатувчига, англатувчига муҳтож Жумавой ҳам эмасмиз. Модомики, тафаккуримиз кенг экан, ўзимизни Жумавойдай тутишга не ҳожат?!
Қаранг, ўтган бир ойдан зиёд вақт мобайнида давлатимиз аҳоли саломатлигини сақлаш учун қанча чекловларни жорий қилишга мажбур бўлди. Булар четдан қараганда осон ишдек туюлиши мумкин. Бироқ хазинамиз кўраётган зиён миллионлаб долларга тенг! Бир корхона иши тўхтаса, қанча одам маошсиз қолади ахир? Бизда эса кўплаб ташкилоту муассасалар эшигига қулф осилган шу кунларда. Олди-берди, савдо-сотиқ учун чегаралар тақа-тақ ёпиқ. Буларгина эмас. Энди давлатимиз, ҳукуматимиз уйда ўтирган асосий аҳоли қатлами озиқ-овқатга, ош-нонга зориқиб қолмасин, деб муҳтожларни тўлиқ ҳимоясига оляпти. Яхши умид билан бизнес бошлаган тадбиркорлар “синиб қолмасин”, дея кредитлар муддатини узайтирмоқда, банкротликка тушиб қолмаслиги чоралари кўрилаётир. Мақсад эса битта — бу балони эсон-омон даф қилиш!
Шундай экан, ҳозир давлатга, ҳукуматга биздан мадад керак! Мадад шуки, коронавирусга қарши курашишда ақл-идрокимиз, маънавиятимиз ва тарбиямизга мос иш тутайлик! Уйда қолайлик!