Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биз тарбия бобида улар ҳақида гапиришга ҳадиксираб келдик ёхуд аждодлар ҳикматини болаларга қандай етказиш лозим?
13:17 / 2020-11-17

Азим Тошкентнинг кўрки бўлган Ҳазрати Имом, яъни халқимиз тилида кўп асрлардан бери эъзозланиб келинаётган табаррук қадамжо – Ҳастимом мажмуасига зиёратга борганда кўнгилларимиз яйраб кетади.

Сабаби, ушбу табаррук даргоҳ нафақат юртимизда, балки бутун Ислом оламида алоҳида нуфуз ва эътибор қозонган. Энди у ерда Халқаро Ислом цивилизация маркази сифатида улкан қурилиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.  

Тошкентда зиёрат туризмининг маркази айни ушбу мажмуадан бошланади десак, асло муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан бу ерларга бутун дунёдан зиёратчиларни келиши кутилмоқда.  

Ушбу стратегик олий мақсадлар биз ўқитувчилар олдига ҳам маълум масалаларни кўндаланг қўяди. Тан олишимиз керак, ёшларимиз Ҳастимом меъморий мажмуаси ҳақида етарли маълумотга эга эмас. Нафақат ёшлар, балки синф раҳбарлари ҳам болаларга тўлиқ маълумотларни етказа олмайдилар.  

Ўқувчи ёшлар бу ерга келганларида юзаки иншоотлардан ҳайратланиб кетадилар, халос. Аслида бизнингча, бу ерга болаларга бош бўлиб келган педагоглар зиёрат давомида икки нарсага марказий эътиборни бериш ва шулар ҳақида болаларга гапириб бериш лозим.  

Булардан энг муҳими, мажмуани шундай номланишига асос бўлган машҳур уламо мақбараларидан бирида абадий қўним топган Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларининг таржимаи ҳоллари ва у кишининг машҳур «Жавомеъул калим» (Қисқа ибратомуз, сермазмун иборалар тўплами”)даги болаларбоп ҳикматомуз ва ибратли сўзлардан келтирилиши мақсадга мувофиқ.  

Шунингдек бу шу ерда сақланаётган Қуръони Каримнинг терига ёзилган асл нусхаси – Усмон Қуръони ҳақидаги маълумотлар зиёратчилар учун муҳимдир.  

Ҳар икки мақсаддаги маълумотларни топиш муаммоси ва уларнинг ичидан ўқувчига мосини танлаб олишда синф раҳбарларига методик ёрдамни тавсия қилмоқчимиз.

«Жавомеъул калим» том маънода ноёб китоблар сирасига киради. Унда ҳикматомуз ва ибратли сўзларнинг дуру жавоҳирларидан иборат мингдан ортиқ муборак ибораларни ўзида жо қилинган. Ушбу китоб ҳеч бир муболағасиз таълим-тарбия ишида ва комил инсоннинг вояга етказишда умуман, кишиларнинг ижтимоий ҳаётида ноёб ҳамда бебаҳо кўрсатмалардир.

Абу Бакр Қаффол Шоший ҳижрий 291 милодий 904 йилда Шошда туғилган. Ислом оламида ҳамма олимларга ҳам Имом мартабаси қўшиб айтилавермайди.

Бу кишининг мўътабар исм-шарифларига Ҳазрати Имом олий мақоми қўшиб номланишининг ўзи ислом оламида у зотнинг ўрни беқиёслигидан даракдир.

Бизнинг юртимизда ислом олами тан олган, Имом олд қўшимчасига эга бўлган – Имом Ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Имом Мотурудий каби Калони Имомлар, буюк инсонлар хоки дахмалари борлиги амалий тарбияда улкан имкониятлар беради.  

Биз узоқ йиллар тарбия бобида улар ҳақида гапиришга ҳадиксираб келдик, очиғи, ҳозир ҳам улар ҳақида гапиришдан чўчиб,  мудраб юрганлар борлиги сир эмас.  

Аввало тарихга боғлиқ ҳижрий ва милодий йиллар мазмунини зиёратчи ўқувчиларга сўзлаб беришни билишимиз керак.  

Масалан, Ҳастимомга зиёрат чоғида Тошкентнинг қадимги номи Шош эканлиги, шу боис алломанинг машҳур тахаллуси у киши туғилган шаҳарга нисбат эканлигига алоҳида урғу бериш лозим.  

У зот дастлабки билимни ўз юртида, кейинчалик Марказий Осиёдаги мавжуд маърифат ўчоқларида олади. Самарқанд, Бухоро, Термиз каби шаҳарларни кезиб, Имом Бухорий, Имом ат-Термизий каби мутафаккирнинг илмий мерослари билан танишади.  

Ислом оламининг юқорида зикр қилинган икки забардаст олими Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларидан сал аввалроқ яшаб ўтган эдилар. Илм олиш иштиёқида олим Хуросон, Боғдод, Куфа, Шом, Жазирадаги олимлар билан учрашади ва илмий баҳс-мунозара олиб боради.  

Шу ерда синф раҳбари ислом цивилизацияси ҳақида ва юқорида номлари келтирилган шаҳарлар дунёга буюк олимларни етказиб берганлигини алоҳида таъкидлаши лозим.

Ҳастимом, Зангиота, Сузукота, Шайх Зайниддин бува ва Тошкент Ислом университети ҳудудидаги мақбараларнинг тафсилотлари ҳақида  маълумотлар етарли эмаслиги, борлари ҳам болаларга мос эмаслигини таъкидлаш лозим. Етарли тарихий маълумотлар асосида болаларбоп қўлланмаларни тайёрлаб, мактаб кутубхоналарга етказиш ишларини бошлаш керак.  

Нафақат Тошкент шаҳри, балки – Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши шаҳарларидаги зиёратгоҳлар учун ҳам ўқувчиларнинг ёшларига муносиб рангли иллюстратив нашрларни чоп этиш лозим.  

Зиёратга келган ўқувчиларга арзон нархларда уларни тарқатиш орқали бу зиёратгоҳларни тарғибот қилган бўламиз. Тан олишимиз керак, биз ҳали болаларга бу борада деярли ҳеч қандай иш қилмадик.  

Энди бу каби хатоларни қайтармаслик, бор имкониятларимизни халқимизни тарбиялашга, олим, педагог, туроператорлар саъй-ҳаракатларини сарфлашга тўғри келади. Ота-оналар ҳам бу ишга камарбаста бўлиб, зиёрат саёҳатларини уюштирилаётганда ўзларини ташкилотчилиги, маблағлари билан ҳисса қўшишлари даркор.

Ахир, шундай жойларга қадам ранжида қилган фарзанддан ҳеч қандай ёмонлик чиқмайди.Биз қанча вақт сарфлаб сингдира олмаган тарбиявий ўгитларимизни бу ердаги илоҳий муҳит туфайли боланинг кўнгли равшанлашади.  

Ҳастимом зиёратгоҳи мисолидаги суҳбатга қайтсак, масалан, китобдаги еттинчи ҳадисда "Пушаймонлик тавбадир" дейилган. Маълумки, вояга етмаган болаларда тегажоғлик, қитмирлик, бехосдан ёки ҳазиллашиб ўртоқлари билан жанжаллашиб қолиш ҳоллари кўп учрайди. Шунда синф раҳбари пушаймонлик – ножўя қилмиш, хатти-ҳаракат учун чин дилдан афсус-надомат чекиш ҳиссини бола қалбида уйғота билиши даркор. «Тавба эса инсоннинг ўз қилмишидан хижолат туйиб, уни қайта такрорламасликка ихтиёрий азму қарор қилишидир», дея шарҳ бериши ниҳоятда фойдали.  

Тўққизинчи ҳадисда «Ишончга эришиш бойликдир» деб ёзилган. Дарҳақиқат, бола ўртоқлари, устозлари, ота-оналари, маҳалладошларининг ишончини қозониб, яшашни ўргатиш мактаб ўқувчиси учун нақадар катта бахт. Шоший Ҳазратларининг мазкур ҳадис ниҳоятда муҳим бўлганлиги учун ҳам уни китобнинг дастлабки бетларида келтирадилар. Биз болаларга бировнинг ишончини қозониш учун энг аввало аъло баҳоларга ўқиш, берилган ваъданинг устида туриш, ёлғон гапирмаслик керак, деб изоҳ беришимиз ўринли.  

Ўн учинчи ҳадисда ёзилишича, "Яхшилик одат ва ёмонлик қайсарликдир". Ниҳоятда ёқимли яхшилик табиатан барчага маъқул келадиган ўзгалар манфаатини кўзлайдиган болаларнинг беғубор одатларидир. Тажрибалар шуни кўрсатадики, синфдаги энг тарбияси оғир болага ўртоқлари ёки ўқитувчилари бирон-бир яхшилик қилса, шу бола аксарият ўзгалар томонидан илтифот қилинаётганини кўриб, инсофга киради.  

Йигирма олтинчи ҳадисда "Чиройли савол бериш илмнинг ярмидир", деб кўрсатилган. Бу ерда савол бермасликка эмас, балки сифатли, маъноли савол ҳақида гап кетмоқда. Бу ерда гап билмаган нарсасини ўрганиш учун ўта одоб билан сўраш каби ҳаётий зарур хислатлар ҳақида кетмоқда. Ўқувчи билмаган нарсасини одоб билан сўраб мурожаат қилиши илмининг ошишига олиб келади.  

Алишер Навоий бобомиз ҳам «Сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим», деб беҳудага айтмаганлар. Навоий бобомизни Шоший Ҳазратларидан анча кейин яшаганликларини назарда тутсак, сўз мулкининг султони ҳадислардан илҳомланган бўлсалар, ажаб эмас.  

Маълумки, болаларни салом-аликка ўргатиш мактабларда асосий муаммолардан бири. Синф раҳбарлар ҳар доим болаларга салом беришни қайта-қайта такрорлашади. Болаларни салом бериш муаммоси нафақат мактабнинг иши, балки ҳаммани иши эканлигини эсдан чиқармаслик керак.  

Жуда кўп ота-оналар фарзандларининг қуёш чиқиб кун чарақлаб кетганда ҳам ухлаб ётишини айб санамайдилар. Ҳазрати Имомнинг китобда зикр этилган эллик олтинчи ҳадисларида "Тонгда ухлаб ётиш ризқни қирқади" деб келтирганлари бу адаш фикрга чек қўяди.  

Ота-боболаримиз бекорга тонгда ухлаб ётишни бехосиятдир, деб айтмаганлар. Тонг пайти шеър ёдлаш, жавоби чиқмаган масала ва мисолларга қайта уриниш, тест ва бошқа синовларга ҳозирлик кўриш учун энг қулай фурсат.

Юқорида Абу Бакр Қаффол Шоший ҳазратларининг «Жавомеъул калим» (Қисқа ибратомуз, сермазмун иборалар тўплами”)даги болаларбоп ҳикматомуз ва ибратли сўзлардан келтирдик.  

Биз Финляндия таълимига ҳавас қиляпмиз, чунки уларда машғулотлар айнан ҳаётий ўтказилади. Болаларимиз аждодларимизнинг хотираларига муносиб эҳтиром кўрсатишлари, улар қолдирган диний-илмий ва маънавий-маърифий меросни ўрганиш учун имкониятлар яратилаётганидан унумли фойдаланишлари керак.

Бахтиёр КАРИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси