Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биз ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаймиз
10:50 / 2023-05-30

Ўзбекистонда хорижий тажрибадан фойдаланилган ҳолда Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Президентимизнинг 2020 йил 6 ноябрдаги "Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида келтириб ўтилган эди.

Унга кўра, 2021 йил 1 мартга қадар малакали педагог, илмий ходимлар, психолог ва хорижий экспертларни (шу жумладан, Финляндиянинг малакали мутахассисларини) жалб қилган ҳолда Миллий ўқув дастури ишлаб чиқилди. Бу жараёнда таянч умумтаълим муассасалари белгиланди ва 2021-2022 ўқув йилидаги таълим жараёнида бу дастур тажриба-синов тариқасида жорий қилинди. Шунингдек, педагог кадрлар тайёрлайдиган ОТМ ҳамда лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотлари халқ таълими ходимлари малакасини ошириш ҳуқуқига эга бўлди.

Таълим тизимини ислоҳ қилаётган мамлакатлар учун халқаро тажрибаларни ўрганиш, таҳлил қилиш, улардан фойдаланиш, шунингдек, нуфузли халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга.

Аввалги ўқув дастурлари мазмуни 90 фоиз назариядан иборат бўлиб, ўқитиш методикасини ёдлатишга йўналтирилган. Янги Миллий ўқув дастури мазмуни 50 фоиз назария 50 фоиз амалиётдан иборат бўлади ва ўқувчининг мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлайди. Ўқув дастурларида баҳолаш эса фақат эслаб қолган билимлар ҳажмини аниқлаган. Янги дастур асосида ўқувчиларда шаклланган кўникмалар баҳоланади. Фанлар сони ва ўқув юкламалари оптималлаштирилиб, ўқувчилар қизиқишига кўра фанларни танлаб ўқиш имконини берувчи вариатив ўқув дастурлар асосида ҳаётга ва касбий фаолиятга тайёрлаш имкони яратилади. 

ЮНИСEФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси техник кўмагида яратилган Миллий ўқув дастури халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда, маҳаллий амалиётчи ўқитувчилар ва хорижий экспертлар иштирокида яратилган. Унда фанлараро интеграция кучайтирилиб, фан ва мавзуларни ўқитишда мантиқий фикрлаш, амалий кўникмаларни шакллантиришга асосланган спиралсимон ўқитиш методикаси мавзуларни соддадан мураккабга қараб ўқитиш, ўқувчиларда борлиқни яхлит тасаввур ва тадқиқ қилиш орқали ўрганишни таъминловчи интеграцион ёндашув жорий қилинмоқда. 

Математика фанини содда ва қизиқарли тилда тушунтириш мақсадида фаннинг дастури тўлиқ қайта кўриб чиқилди. Табиатдаги жараёнларни содда ва қизиқарли тушунтириш, ўқувчиларда амалий кўникмаларни шакллантириш мақсадида янги “Табиий фан” (Sience) дастури халқаро экспертлар иштирокида ишлаб чиқилди. Ўқувчиларни ватанпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида медиа-саводхон ва танқидий фикрлаш кўникмаларига эга бўлган, интилувчан қилиб тарбиялаш мақсадида “Тарбия” фани жорий қилинди. Шунингдек, ўқувчиларда молиявий саводхонликни ривожлантириш мақсадида Миллий ўқув дастури доирасида “Тадбиркорлик ва молиявий саводхонлик” фани ҳам амалиётга киритилади. 

Бугунги кунда жами 892 номдаги электрон ахборот-таълим ресурслари яратилган, тизим, видео ва аудио-дарслар, интерактив ва анимацияли виртуал лаборатория ишлари ҳамда дарс ишланмалари, мультимедиа иловалар, тестлар, таълимий ўйинлар бошқа қўшимча таълим ресурсларини ўз ичига олади. Бундан ташқари, ўқувчилар учун онлайн-репетитор ва онлайн-тўгарак, ўқитувчилар учун эса онлайн касбий ривожлантириш телевизион машғулотлар эфирга узатилмоқда.

Вариатив ўқитиш тизими орқали математик тафаккурга эга истеъдодли ўқувчидан муваффақиятли компьютер дастурчиси, компьютер техниги, тизим таҳлилчиси, тармоқ таҳлилчиси, маълумотлар базаси дизайнери ва муҳандислик каби замонавий касб эгалари етишиб чиқиши мумкин.

Мактабларга кириб борган математика дарсликлари фан орқали мантиқий тафаккурни ривожлантириши билан аввалги ҳисоб-китоб, арифметик амалларга катта ўрин берилган дарсликлардан фарқ қилади. Қизиқарли топшириқ ҳамда машқлар энди ўқувчида қўшиш-айириш кўникмаси билан бирга, ижодий ва танқидий фикрлаш, асос бера олиш қобилиятларини ўстиради, муаммоларга ечим топишда топқирлик ва ижодкорликни қўллай олиш салоҳиятини оширади. Бундай кўникмалар эса ўқувчига ҳаётий вазиятларда муваффақият қозонишига кўмаклашади. 

Фанларнинг интеграциялашуви ортидан таълим тизимига яна бир халқаро тажрибани жорий қилиш имкони пайдо бўлди, мактабларда табиий фанлар (Sience) ўқитила бошланди. Табиий фанлар орқали ўқувчида тадқиқотчилик, янгиликка интилиш, табиатни ҳимоя қилиш кўникмалари шаклланади.

“Биз ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаймиз” шиори Финляндиядаги ҳар бир мактаб директорининг хонасида осиғлиқ туради. Бу – болаларни мактаб орқали ҳаётга тайёрлаш, уларга ўрганганларини ҳаётга татбиқ этишига ёрдам бериш дегани. Бугунги таълим билиш ва ўрганганларини ҳаётга татбиқ олиш кўникмаларини ривожлантириши билан ўзига хосдир. Миллий ўқув дастури 4 муҳим кўникма – коммуникативлик, ахборот билан ишлаш, ўз-ўзини ривожлантириш, ижтимоий-эмоционал ва фаол фуқаролик каби кўникмаларни ривожлантириш асосига қурилган.

Таълимни хорижда ўзини оқлаган тажрибалар орқали ривожлантириш амалиёти ҳам тизимни янгилашда қўл келмоқда. АҚШнинг USAID ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Баркамоллик учун таълим” дастури доирасида бу йил Ўзбекистон таълими тарихида илк маротаба Кембриж университети нашриётининг иккита дарслиги 1- ва 11-синфлар учун инглиз тили, 5- ва 11-синфлар учун информатика дарсликлари тайёрланди. Яқин-яқингача энг муҳим 4 эҳтиёж сифатида соғлиқ, озиқ-овқат, уй-жой, кийим-кечак эътироф этиб келинган. Бугунги рақобатбардош дунёда уларнинг қаторидан бешинчи энг муҳим эҳтиёж ўрин эгаллади, бу – таълим. Шуни ҳисобга олиб, юқоридаги ўзгаришлар барча фанлар моҳиятида содир бўлмоқда. Бош мақсад – ўқувчининг мактабга келишга рағбатлантирадиган мавзулар ва жараёнлардан иборат жозибадор таълим муҳитини яратишдан иборат.

Адабиёт фанидан берилган соатларда адибнинг ҳаёти ва асарлари умумий 3 соатга бериб кетилган. 6-синф адабиёт фанида 38-дарсдан кейин 40-дарс берилган, 8-синф она тилида 90-дарс икки марта берилган. 3 соат дарсни 1 соатдан тақсимлаб ёзиш керак экан, кўп ва кам соатни қандай ўзгартириш мумкин? 

Бугунги кунда 1-9-синфларда чет тили ўқув предметидан “Ўқитувчи китоби” мавжуд бўлиб, ўқитувчилар амалиётда фойдаланишлари мумкин. 10-11-синф ўқитувчилари дарсга мустақил тайёргарлик кўришлари, ижодий ёндашган ҳолда ҳар бир мавзу юзасидан янгиликларни бериб боришлари орқали сифатли таълимни амалга оширишлари мақсадга мувофиқ. Умумий ўрта таълимнинг Миллий ўқув дастури доирасида “Ўқитувчи китоби” босқичма-босқич жорий этилиши режалаштирилган. Мазкур ўқув йилида ўқитувчиларнинг дарсга тайёргарлик кўришлари мустақил амалга оширилиб, ижодий ёндашган ҳолда ҳар бир мавзу юзасидан ўқувчиларга бериладиган билимларни бойитиб боришлари орқали сифатли таълимни амалга оширишлари мақсадга мувофиқ.

Касблар сони чегараланган, инсон қобилиятининг бугун эгалланган сарҳадлари ҳали номаълум бўлган даврларда мактабнинг вазифаси одамларни саводли қилишдан, уларга билим беришдан иборат бўлган. Бугун эса ҳар биримиз ҳаёт тарзимиз, ишлашимиз ва ўзаро муносабатимизни тубдан ўзгартирган технологик инқилоб жараёнига гувоҳ бўляпмиз. Бу жараён кўлами, мақсади ва мураккаблигига кўра, инсоният шу вақтгача бошидан ўтказган ўзгаришларга ўхшамайди. Бугунги жараёнларга мослашиш, ўзгаришларни бошлаб бериш учун саводли бўлишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бугун таълим концепциясини ишлаб чиқишда мактабни саводли инсон тайёрловчи институтдан, кўникма шакллантирувчи институтга айлантириш тамойилига таянилмоқда. Натижада, мактаб ХХI аср мутахассисидан жамият талаб қилаётган кўникмалар шаклланадиган ҳал қилувчи масканга айланди.

Мактабни тамомлаётган боланинг хотирасида бу ерда олган билимларининг бир қисмигина қолади. Аммо ўн бир йиллик таълим мобайнида орттирилган кўникмалардан ҳар бир инсон умри давомида фойдаланади. Альберт Эйнштейн айтгани каби таълим мактабда ўрганганларимизни унутгач, ёдимизда қоладиган кўникмадир. Янгилик ва кашфиётлар энг кўп қилинаётган давлат фуқаролари “яратувчан ноу-ҳау кўникмалари”га эга, яъни улар инновацион фикрлаб, янгилик киритиш иштиёқи билан яшашади.

Сўнгги 50 йилдирки, илм ва технология турмуш тарзимизни ўзгартираётган, жамиятни ривожлантираётган драйвер вазифасини ўтаб келмоқда. Жаҳондаги йирик компанияларнинг фаолияти ҳам илмий фанлар, хусусан физика, технология, муҳандислик, математикага асосланган. Шу билан бирга, билимларни ижодий ёндашиш орқали ҳаётда қўллашда санъатнинг ўрни юқори. 

Дунё мамлакатлари STEAM таълимини ўқитишга ихтисослашмоқда. Бутун жаҳонда STEAM таълими ишсизлик ва қашшоқликнинг олдини оладиган ечим сифатида кўрилмоқда. Сабаби, мазкур фанлар билан боғлиқ иш ўринлари сўнгги ўн йилда ўртача 14 фоизга ортган, яъни бошқа меҳнат соҳаларига қараганда ўсиш суръати 5-8 фоизга юқори. Шуни ҳисобга олиб, мамлакатимизда ҳам ушбу фанларни ўқитишда янгича ёндашувлар жорий қилинмоқда.

Хусусан биология фани бўйича энди болалардаги жамоавий ишлаш кўникмаси ҳам индивидуал ишлаш кўникмаси билан бирдек шакллантирилади. Дарсликларга ўқитувчи ва ўқувчилар учун бирдек янгилик бўла оладиган шундай амалий топшириқлар киритилдики, уларни фақат жамоада ишни тақсимлаш орқали бажариш мумкин.

Болаларни мантиқий фикрлашга ва олган билимларини амалда қўллашга мажбур қилувчи топшириқларга урғу бериб, имкон қадар рақамлардан қочишга ҳаракат қилинди. Негаки бола, кундалик ҳаётда, чувалчанг узунлигини билиши эмас, бу ҳақидаги яхлит билимларни эгаллаши муҳим. Шунингдек, 6-7-8-9-синф биология дарсликларидаги спираллар бир хил мавзулар асосида шакллантирилган бўлса, 10-синф дарслиги мавзулар даражаси сабаб қуйи синф дарсликларидаги спиралдан бироз фарқ қилади.

Ўқувчиларнинг табиат тўғрисидаги илмий дунёқарашларини шакллантириш, тафаккурини ривожлантиришда табиат қонунларини асослаб беришда биология, табиат ва география, физика, кимё, иқтисодий билим асослари ва тадбиркорлик асослари ўқув фанлари муҳим аҳамият касб этади. Табиатда рўй бераётган ҳодиса ва жараёнлар, тирик организмларнинг ривожланиш босқичлари, табиат ва жамият қонунларига инсониятнинг кўрсатадиган таъсирлари ҳақида илмий ва амалий билимлар мажмуасини ёритиш табиий ва иқтисодий фанлар блок-модулининг асосий вазифасини белгилаб беради.

Хусусан, таклиф этилаётган янги малака талабларига кўра, ўқувчи ёшидан келиб чиқиб, тарихий, ижтимоий, илм-фан ва техникавий мавзуларда эркин сўзлаша олиши, матнларни ўқиб, тушуниши ва туза олиши зарур. Бу уларга ҳаётда дуч келадиган вазиятлар, касбларни эгаллаш учун зарур саводхонлик кўникмалари ва тушунчаларни мактабдаёқ эгаллаш ва кейинчалик самарали фойдаланиш имконини беради.

 

А.МАМАТАЛИЕВ,

А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот 

институти катта илмий ходими.

ЎзА