ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона вилояти Қувасой шаҳрида айни шу мавзуда ҳуқуқий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташаббуси билан ташкил қилинган мазкур тадбирда Исфайрамсой, Пакана ва Кокилон маҳаллаларида истиқомат қилувчи ёши улуғлар, хотин-қизлар ва уюшмаган ёшлар иштирок этди.
[gallery-24274]
Мазкур ташаббуснинг асосий мақсади бугун дунё миқёсида хавфи ортиб бораётган одам савдосининг оғир ва қайғули оқибатлари ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришдан иборат. Тадбирда “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши раиси Шаҳноза Ғаниева, халқ депутатлари Қувасой шаҳар Кенгаши депутати Муҳсинали Меҳмонов, Қувасой шаҳар адлия бўлими бошлиғи Баҳодир Тоҳиров шу ҳақида сўз юритиб, ушбу жиноятнинг турли, замонавий кўринишлари, унинг жамиятга ва шахс тақдирига етказаётган зарари, унинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот бердилар.
- Одам савдоси - бу фақат ноқонуний меҳнат ёки жисмоний эксплуатация эмас, балки инсон шаъни ва қадрини топташи, жамиятдаги айрим инсонларнинг маънавий қашшоқлигини ҳам англатади. Унга қарши курашиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қаторида бутун жамиятнинг бурчидир, - деди Шаҳноза Ғаниева.
Тадбир доирасида иштирокчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида меҳнат ярмаркалари ташкил этиш галдаги муҳим вазифа қилиб белгилаб олинди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА