Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биз, меҳнатимиз билан Президентимиз ишончини албатта, оқлаймиз
15:51 / 2022-03-03

Хушхабарнинг қаноти бор дейишади. Баҳорнинг илк куни ана шундай қувончли ишлар билан бошланди.

Президентимиз раислигида бўлиб ўтган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ва унда белгилаб берилган вазифалар биз аёлларнинг ҳаётимизда янги саҳифа очиб берганлиги ёдда қоладиган бўлди. Рости, бундай қўллаб-қувватловни, муҳим янгиликларни кутмаган эдик. 
Бу ҳаётда ҳар бир инсон орзу-умид билан яшайди, ўз олдига қўйган мақсадларига интилади. 

Айниқса, ўзбек аёлларининг зиммасида катта масъулият бор. Оила ташвиши, фарзанд тарбияси энг муҳим ҳисобланса, бугун жамият ҳаётида ҳам фаоллик ошяпти, хотин-қизларимиз давлат бошқарувида ўз услубини, шижоатини намоён этмоқда. Албатта, бу саъй-ҳаракатларнинг барчасида илм ва маърифат катта ўрин тутади. Кўп ҳолларда қизларимизнинг олий маълумотли бўлиши, бирор ҳунарни ўрганишларига эътибор берилмайди. 

Натижада эса ҳаёт йўлларида улар кўп қоқилмоқда, оғир вазиятга тушиб қоляпти. Давлатимиз раҳбари эса шуни юракдан ҳис этиб, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини бошлаб берди. 
Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси (Қўмита) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Қўмита раиси айни пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади. Қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар бошқармалари раҳбарлари эса ҳоким ўринбосари ҳисобланади. Ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаоли лавозими янгидан жорий қилинади. Эндиликда хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади ва улкан имкониятлар яратилади. Айниқса, уларнинг турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат томонидан кўмак кўрсатилади. 

Таълим тизимининг барча поғоналарида ўқишга интилган хотин-қизларни қўллаб-қувватланиши муҳим воқелик бўлди, десак янглишмаймиз. 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури қабул қилинади. Таълим тизимида хотин-қизлар учун  бир қатор кенг имкониятлар яратиб берилаётгани эса  юксак эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади. Ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилиши ҳам кўп қизларнинг орзуси рўёбга чиқишига, яхши мутахассис бўлишига хизмат қилади. 
Аёл бу – аввало она. Кузатишларимиздан маълумки, кўп талаба қизларимиз турмушга чиқиб, фарзанд кўрганидан сўнг ўқишни давом эттиришда  қийинчиликларга учрайди. Эндиликда ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади. 

Бугун биз меҳнат қилаётган Фарғона давлат университетида илм йўлини танлаган хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Ҳар йили ўнлаб аёлларимиз докторлик дисссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилмоқда. Кейинги пайтда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга ошириляпти. Президентимизнинг ташаббуси билан докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши эса катта имкониятларни беради. 

Биз аёллар учун кўрсатилаётган юксак эътибор зиммамизга катта масъулият юклайди. Бугун Янги Ўзбекистон тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Унда кўзланган мақсадларга эришишда эса хотин-қизларнинг ўз ўрни бўлиши керак. Биз, меҳнатимиз билан Президентимиз ишончини албатта, оқлаймиз. 

Азизахон Расулова,  
Фарғона давлат университети ўқитувчиси, 
филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)