Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биз кутганимиздек, таълим тизимида туб ўзгаришлар бўладиган бўлди...
15:51 / 2020-01-24

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таълим тизимида катта ўзгаришлар бўлиши айтилгани биз, олий таълим соҳаси вакилларини беҳад қувонтирди.


Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таълим тизимида катта ўзгаришлар бўлиши айтилгани биз, олий таълим соҳаси вакилларини беҳад қувонтирди.

Мурожаатномада таълим сифатини халқаро талаблар даражасига кўтариш мақсадида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши, жумладан, грантлар икки баробарга кўпайтирилиши, қизлар учун алоҳида грантлар ажратилиши, кириш имтиҳонлари оптималлаштирилиши таъкидланди.

Шунингдек, олий таълим стандартларини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш, йўналишлар ва ўқитиладиган фанларни қайта кўриб чиқиш, мутахассисликка алоқаси бўлмаган фанлар сонини икки баробар қисқартириш каби вазифалар биз, педагогларнинг кўнглидаги гаплар бўлди. 

Ана шу ортиқча вақт ва сарф харажатлар олиб ташланиши натижасида жорий йилдан педагогик таълимнинг 6 та йўналиши бўйича ўқиш муддати 3 йил қилиб белгиланишини айтиб ўтди, Президентимиз.

Ҳар қандай мамлакатнинг тараққиётида таълимнинг ўрни ниҳоятда катта. Шунинг учун кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар давомида таълим соҳасида туб ўзгартишлар амалга оширилмоқда. 

Жамиятга яхши бошқарувчини, мутахассисни, билимли одамларни олий ўқув юртлари етказиб беради. Олий мактабни қандай мутахассис битириб чиқишини таълим тизими қандай йўлга қўйилгани билан белгиланади. 

Шунинг учун давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимини тараққий этган мамлакатлар андозалари асосида такомиллаштиришга бераётган алоҳида эътибори туфайли соҳада катта ўзгариш қилинди. 

Мамлакат тараққиётининг локомотиви бўлиб хизмат қиладиган олий таълим тизими ўз зиммасига юклаган вазифани бажара олиши учун унинг моддий ўқув базасини мустаҳкамлашга, педагогларнинг моддий манфаатдорлигини оширишга эътибор қаратилаётгани ўзгаришларни муваффақиятли амалга оширилишига хизмат қилаётир. 

Бу ўзгаришларнинг самарасини Жиззах давлат педагогика институтида амалга оширилаётган ўзгаришлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Кейинги йигирма йил давомида институт бош ўқув биноси бу йил реконструкция қилиниши муассаса ҳаётида катта янгилик бўлди. Жами 47 миллиард 300 миллион сўмликдан ортиқ реконструкция ва таъмирлаш ишлари амалга оширилиши натижасида ўқитиш, илмий ишланишларга катта қулайлик яратилди. 

Айни пайтда 700 миллион сўмлик инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Таълим тизимида дунёнинг илғор таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ҳозир институтда Москва давлат педагогика университети, Бошқирдистон давлат педагогика университети, Бошқирдистон давлат университети, Россия Ядро тадқиқотлари илмий маркази, Норвич (Буюк Британия), Шимкент университети каби йирик олий ўқув юртлари билан 16 та халқаро шартнома доирасида ҳамкорлик қилинмоқда. Яратилган қулайликлар бу йўналишлардаги имкониятларимизни яна кенгайтирди.

Бироқ бу қилинган ишлар, ҳозирги замон талабидан келиб чиқиб қаралганда мақтовга ҳам арзирли деб бўлмайди. Чунки булар бундан ўн-ўн беш йиллар аввал амалга оширилиши керак бўлган ишлар. Бизнинг бу кечикишимиз кадрлар тайёрлаш ишида айниқса сезилиб турибди.

Шунинг учун Мурожаатномада белгилаб берилган вазифалар замонавий давр талабига мос етук кадрларни тайёрлашни йўлга қўйишга асос бўлиб хизмат қилади. 

Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ, 
Жиззах давлат педагогика институти проректори,
сиёсий фанлар доктори.