Бугун мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтмоқда.
Сайлов тарихига эътибор берадиган бўлсак, яқинлашаётган сайловларда аввалгига нисбатан фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари анча юқори даражада таъминланаётганига, сайлов тарғиботи мукаммал тарзда амалга оширилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Умуман олганда, сайловлар кўппартиявийлик, қонунийлик, коллегиаллик ва ошкоралик тамойиллари асосида, эркин рақобат муҳитида амалга оширилаётганини эътироф этиш жоиздир.
Ҳозирги кунда барча сайловчилар учун қулай шароитлар яратилган. Жумладан, сайлов куни сайлов участкасига кела олмайдиган сайловчиларга муддатдан овоз бериш ташкил қилинди ва улар 14-20 октябрь кунлари муддатидан олдин овоз бериш имкониятига эга бўлдилар. Ушбу жараёнларда ҳам сайловчилар фаол иштирок этишди.
20 октябрга қадар сайлов вақтида ўз уйида бўлмайдиган сайловчиларга сайлов участкасини ўзгартириш имконияти ҳам берилди. Янги таҳрирда қабул қилинган Сайлов кодексига мувофиқ, сайлов участкаси ҳудудида вақтинчалик истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳам сайлов рўйхатига киритилиши белгилаб қўйилди ва бу орқали, айтишишимиз мумкинки, кўпгина сайловчиларга, жумладан, талабаларга, қулай шароит юзага келди.
Бундан ташқари, сайловларга бориб иштирок этолмайдиган кекса ва ногирон фуқароларга ҳам имкониятлар яратилган. Ушбу жараёнлар ҳам сайлов принципларига асосан яширин овоз бериш йўли билан амалга оширилади. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, сайловларда фуқароларнинг фаоллигини оширишга хизмат қилиши лозим эди ва шундай ҳам бўлмоқда.
Сайловлар ҳақида гапирар эканмиз, бу масалада, биринчи навбатда, ёшларга эътибор қаратиш лозим. Чунки сайловчиларнинг учдан бирини, яъни салкам етти миллионини, ёшлар ташкил қилади. Сайлов тарғибот жараёнларида ҳам ёшларга катта эътибор қаратилди ва сайловларда фаолликка чорланди. Ёшлар – мамлакатимиз, халқимиз келажаги. Уларнинг келгуси ҳаёти қандай бўлиши бевосита сайловларга боғлиқ ва улар сайловларда фаол қатнашишмоқда.
Зафар Ўроқов,
Тошкент давлат юридик университети
талабаси