Хотира ва қадрлаш куни олдидан Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тасарруфидаги Булоқбоши туманида жойлашган ҳарбий қисм аскар ва зобитлари Булоқбоши тумани Учтепа маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, Абдуғани ота Ғаппоров хонадонида бўлиб, уруш фахрийсининг ҳолидан хабар олди, унинг уруш даври хотираларини тинглашди.
Абдуғани ота Ғаппоров Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган мард ва жасур ўзбек йигитларидан биридир. 1924 йилнинг 5 январида туғилган Абдуғани Ғаппоров ўн етти ёшида урушга сафарбар қилинган. Уруш бошланган 1941 йилдан то Ғалабага қадар турли фронтларда немис-фашист босқинчиларига қарши аёвсиз жангларда иштирок этди, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди, қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.


Урушдан қайтгач, Абдуғани Ғаппоров халқ хўжалигининг турли соҳаларида меҳнат қилди, қатор фарзандларни тарбиялаб, эл-юрт ҳурматини топди. Бугун ўзининг қутлуғ 99 ёшини қарши олган отахон 8 нафар фарзанди, 86 нафар набира, 100 нафардан ортиқ чевара ва эваралари, ҳамқишлоқлари, эл-юрт ардоғида умргузаронлик қилмоқда. Бугунги тинч, осойишта ва фаровон кунларимизга шукрона келириб, дуолар қилади.


– Абдуғани ота Ғаппоров сингари уруш қатнашчиларининг жанггоҳлардаги қаҳрамонлиги, ҳамма ҳавас қилса арзийдиган мазмунли умр йўллари биз ёш авлод учун ҳамиша ибрат мактабидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий қисм хизматчиси, лейтинант Бобурбек Олтибоев. – Отахоннинг уруш хотираларини тинглаб, уруш даврида ўзбек йигитлари кўрсатган мардлик, жасорат намуналаридан қалбимизда чексиз фахр-ифтихор туйдик, хизматимиз давомида ана шу аждодларимизга муносиб бўлишга, юртимиз тинчлиги, хавфсизлиги ва сарҳадларининг осойишталиги йўлида янада шижоат билан хизмат қилишга қатъий аҳд қилдик.
Учрашув якунида Иккинчи жаҳон уруши фахрийси Абдуғани ота Ғаппоровга эсдалик совғалари топширилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА