“Юксалиш” ҳаракати томонидан Республика қон қуйиш маркази билан ҳамкорликда 28 октябрдан 3 ноябргача бутун республика бўйлаб “Биз – донормиз” хайрия акцияси ўтказилмоқда.
Шу муносабат билан донорлик хайрия акцияси Қорақалпоғистон Республикаси қон қуйиш марказида ҳам ўтказилди. Унда олий таълим муассасаларининг ўқитувчилари ва талабалари, Миллий гвардия ходимлари, ёшлар ва фаол фуқаролар иштирок этишди.

Ташаббусдан кутилган мақсад донорлик қони захираларини тўлдириш ва жамиятда донорлик маданиятини ривожлантиришдир. Шунингдек, акция жамиятда ўзаро ёрдам маданиятини шакллантириш, бу жараённинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, донор қони тақчиллиги муаммосига жамоатчилик эътиборини жалб этишга ёрдам беради.

Акцияда фаол, жонкуяр фуқаролар иштирок этди. Таъкидлаш жоизки донорлик қони ҳар куни мураккаб вазиятларга тушган инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолади. Оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган беморлар, автоҳалокатдан жабрланган, онкологик касалликлар билан оғриганлар ва қон қуйишни талаб қиладиган бошқа кўплаб ташхиси бор одамлар шулар жумласидандир.

Акция давомида тўпланган қон захиралари тиббиёт муассасаларининг беморларга ёрдам кўрсатиш имкониятини оширади. Бундай тадбирларни мунтазам равишда ўтказиш касалхоналар ва тиббиёт марказларида қоннинг етарли даражада таъминланишига ёрдам беради. Бу айниқса, фавқулодда вазиятлар ва режалаштирилган операциялар учун муҳимдир.
Шу куни вояга етган ва соғлиғида тиббий қарши кўрсатмалари бўлмаган фуқаролар донор сифатида иштирок этишди. Энг асосийси, қон топшириш орқали улар кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ўз ҳиссаларини қўшишди дея бемалол айтаоламиз.
Довуд Абибуллаев, ЎзА