Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан “Жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантиришда ижтимоий шерикликни кучайтириш” мавзусида эълон қилинган Давлат гранти 1-танловида иштирок этиш учун “Buxoro yoshlari” газетаси “Биз буни уддалаймиз, биз бунга қодирмиз!” номли лойиҳаси доирасида “Уйдаги иқтидор” номли тадбир ташкил этилди.
Тадбир Бухоро шаҳридаги “Садриддин Айний” маҳалла фуқаролар йиғини, Темирчи қишлоғидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, нуқсони бор ёшлар ўртасида ташкил этилди. Лойиҳадан кўзланган мақсад лўли элатига мансуб, мактаб ёшида бўлган, аммо мактаб таълимига жалб қилинмаган ёшлар муаммоларини ўрганишдан иборат эди.

– Жорий ўқув йилида “Buxoro yoshlari” газетаси ташаббуси ҳамда маҳалламизнинг сайъ-ҳаракати билан Бухоро шаҳридаги 2-, 7-, 10- ва 12-умумий ўрта таълим мактабларида 200 дан ортиқ лўли болаларининг таҳсил олишини ташкиллаштирдик, – дейди маҳалла раиси Аваз Аҳмедов. -Мактаб ёшидан ўтган бўлишига қарамай, улар ҳам таҳсил олиши керак, деган талаб билан чиқдик. Ҳозир мактаб, касб-ҳунар коллежларида ўқишяпти. Худо хоҳласа, олийгоҳларга ҳам ҳаракат қилишяпти. Спортда халқаро чемпионатларга чиқаётганлар, турли ишлаб чиқариш цехлари очиб, одамларни ишга жалб этаётганлар бор. Лўлиларнинг иш билан бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратганмиз. 300 га яқин лўлилар шаҳар ҳудудидаги турли комбинатларда ишлашади. Бироқ, яширишга ҳожат йўқ, вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарлик ва қонун бузишлар содир этиш ҳолати ҳам бор. Бундай масалаларни бартараф этишда маҳалла оқсоқоллари, баронлар билан ҳамжиҳатликда кенгашиб турамиз.
Мазкур қишлоқда 7258 аҳоли, 2530 та оила, 1481 хонадон, 921 нафар ёшлар бор. 68 нафари ногиронлиги бор ёшлардир. Лўлилар хонадонида бўлиб, уларнинг яшаш шароитлари билан танишдик.

–Тенгқурларимни кўриб, ҳавасим ортяпти, – деди Дилмурод Қурбонов. – Аммо, мактабга бора олмайман. Уйда таълимни ташкиллаштириб берамиз, дейишди.
Жисмоний нуқсони бор Дилмурод билан суҳбатлашар эканмиз, у биз билан орзуларини бўлишди. Қўшиқ куйлашга иштиёқманд эканини билдирди. Қўшиқлар хиргойи қилиб берди.

– Аҳолининг 65 фоизини лўли миллати ташкил этади, –дейди маҳалла раиси. – Лўлилар жайдари, жўмард халқ. 20 йилдан ортиқ вақт давомида улар орасида улғайдим, бирга ўсдим десам адашмайман. Тўғри, аввалига жуда қийналган пайтларим кўп бўлган. Энг қизиғи, илгари икки лўли уришиб қолса, уларнинг яқинлари кўз очиб юмгунча икки қабилага ажраларди, ур-сур, тўполон бошланиб кетарди. Бундай пайтларда менга лўлиларнинг барони мадад берарди. Орадан вақт ўтиб, лўлилар билан чиқишиб олдик, муболағаси йўқ, ака-ука, опа-ука, ака-сингилдек бўлиб кетдик. Мард, танти халқ. Шунингдек, лўлиларда бирлашиш, якдиллик кучли.
Дарҳақиқат, “Уйдаги иқтидор” номли тадбир давомида “Биз буни уддаладик, биз бунга қодирмиз”.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.