Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Биз бирлашсак – Ватанмиз!
14:24 / 2024-08-19

Юртимиз Мустақиллигининг 33-йиллигига бағишланади

Сиз умиднинг кўзларидаги шодликни кўрганмисиз?

Фахру ғурурнинг қувонч кўзёшларини-чи? ...

Мен кўрдим, қўшилишиб қувондим, кўзларим ёшланди, ёш боладай ирғишладим ҳам...

Ўғлим спорт ўйинлари, янаям тўғрироғи бокс жинниси. Яқиндан Олимпиада ўйинлари бошланди-ю бутун оиламиз билан унга қўшилиб биз ҳам чин мухлисга айландик. Айланмай ҳам бўладими? Ҳар кечада камида бир олтин нақд, ҳар тун уйимизда завқу шавқ. Шундай фараҳ турганда кўзга уйқу келадими? Бутун дунё сенинг халқинг қаҳрамонларини олқишласа, миллат ўғлонларига ҳавас қилиб турса, сен ухлай оласанми? Менимча, бу сурурли кунларда юртимизнинг деярли барча юртсевар, спортсевар хонадонларида мана шундай шукуҳ ҳукумронлик қилган бўлса ажаб эмас.

Ҳа, бекорга спортга – тинчлик элчиси, мамлакатни дунёга танитувчи, тан олдирувчи куч сифатида қаралмайди. Бугун бутун дунё ўзбекларни, Ўзбекистонни олқишламоқда. Бобомнинг, “Оққан дарё ўзанига қайтади” деган сўзлари ёдимга тушди шу кунларда. 

Бу йилги Республикамиз мустақиллигининг ўттиз уч йиллик байрами “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган бўлса, бу йилги Халқаро Олимпиада ўйинларидаги ёш спортчиларимиз бу бирликни, бирдамликни амалда намоён этдилар. Сабабки, юртимиз ўғлонлари-қизлари дунёга нафақат ўзининг билагидаги Алпомиш боболаридан мерос кучини, балки салоҳиятини ҳамда инсонийлигини кўрсата олди. Қаранг, Халқаро Олипиада ўйинларига баъзи сабаблар билан ўз мураббийси билан кела олмаган қирғиз биродаримиз Мунарбекка бизнинг миллий жамоамиз вакиллари ҳамдам бўлишди, қўллаб-қувватлашди, қардош спортчини финалгача чиқишига кўмак беришди. Гарчи финалда у бизнинг спортчимиз Абдумалик Халоков билан курашишига тўғри келсада, йигитларимизнинг мардона ва дўстона тутган йўлини бутун хориж  оммавий ахборот воситалари ҳайрат ила бонг урди. Яхши дўст, яхши қўшни ёмон кунда билинишини барча мамлакат вакиллари кузатдилар, бирдамлигимизга ҳавас қилдилар.

Шу ўринда буюк бобомиз  Алишер Навоийнинг:

Кимки бир кўнгли бузуғнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

деган битиклари ёдимга тушади.

Такрор айтаман, спортчиларимиз дунёга нафақат ўз билак кучлари билан балки бугун инсонлар ўртасида йўқолиб кетаётган одамийликдан, мардлик, юксак маънавиятдан дарс бериб қайтдилар. 

Айтиш мумкинки, бу Олимпиаданинг яна бир ютуғи қардош, тилдош ва дилдош Марказий Осиё халқларини оға-ини бўлиб янада жипслаштирди. Бугун қозоқ, қирғиз, турк, озар қардошларимиз бизнинг Олимпиада ғолибларимиз ҳақда жўшиб, ҳайқириб қўшиқ куйламоқда.

Менинг Қозоғистондаги дўсту қардонларим кеча сим қоқиб бу улкан ғалаба билан мени, миллатдошларимни табриклашди ва улар худди ўзлари ғолиб бўлгандек ҳаяжон билан, фахр билан олимпиада ўйинларини кузатишганини сўзлашди. 

Бизнинг қозоқ халқи ўйинларни бу ёқда шунчалар қалбимиз шукуҳга тўлиб кузатаяпмиз, сиз ўзбек қардошларимизнинг бугунги шодлигига ҳавас қилаяпмиз, - дейди улар.

Олимпиада ўйинларидаги спортчиларимизнинг ғалабаси сурури бир ён бўлди-ю ғолибларнинг бошларига кийган миллий қадриятларимиз рамзи - дўппилари бир ён бўлди. 

Мана ўзбек дўпписи қайси шоҳсупаларда кийишга муносиб!

Ўзбегимнинг мард ўғлонлари, ўзи ҳам дўпписи ҳам асл ўрнига ярашиб турди.

Дўппи ғолиблик рамзидир, у ҳамма йигитларимиз бошларига тождай ярашган. Темур бобомиз тиғи, Навоий қалами билан забт этган юртларда бугун паҳлавон йигитларимиз мардонавор ғолиб бўлиб ўзбекнинг шаънини бошда дўппи билан яна баландладилар. 

Бугун дунёга ҳар бир соҳада ўзбекнинг кимлигини намоён этмоқ даври келди. Ва бу шукуҳ нафақат спорт, илмда, тиббиёт, техникада, маданияту адабиётда амалга ошмоғи даркор. Бу учун бугун барча имкониятлар мужассам ва яна бунга бизда асос бор, оққан дарёмиз-ўзанларимиз бор. Ахир ҳар бир ўзбекнинг томирида боболари Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Бухорийлар, Навоийлар қони оқади.

Ҳазрат Шайх Саъдий: “Сен чироқни кўролмасанг, чироқ бирлан нени кўрасан”,  дейдилар. Ҳа, юртимизда бугун ҳар бир жабҳада улкан ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Бу фаолиятда, энди биз нафақат кузатувчи, балки унинг иштирокчиси, бунёдкори бўлмоғимиз ярашади.

Бизнинг имкониятларимиз чексиз аслида, чегараларни ўзимиз қўямиз. Бу чегаралар эътиборсизлигимиз, ҳафсаласизлигимиз, ёлқовлигимиздир. Бугун ҳар биримиз улуғ мақсадлар сари руҳланмоғимиз керак!

Европаликлар орасида шундай фикр юради: “Ҳар бир мамлакатнинг эртанги истиқболи ё инқирози – бугунги ёшлар қўлида”.  Ўзбекистон аҳолиси 37 миллион бўлса, бугун унинг  65-67 фоизини ёшлар қатлами ташкил этади. Бу шунча фоиз куч-қувват, илм, изланувчанлик дегани. Ёшларимиз бугун ҳар бир фурсатни қўлдан бой бермай ўзларини қизиқтирган соҳаларда ўқиб-ўрганиб, илм олсалар, тил ўргансалар, ўз эртанги истиқболлари учун интилсалар, ўйлаймизки ўз сўзи, ўз йўли, ўз ёруғ мақсадига эга бўлган ёшларимиз нафақат спорт, бошқа марраларда ҳам дунёни забт эта оладилар.

Бугун Президентимиз Учинчи Ренесанс даври ҳақида бежизга бонг урмаяптилар. Ўзбекистон замини қадимда икки буюк уйғониш даврига бешик бўлган юртдир. Бу — жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқатдир. Яқинда бир манбада ўқиб қолдим – Мовароуннаҳрнинг 3000 йиллик тарихида биргина Насаф шаҳри Самарқанд ва Бухородан кейин илм – маърифат жиҳатидан гуллаб – яшнаган шаҳарлардан бири бўлиб, унда 450 дан ортиқ, Кешда 60 дан ортиқ кўзга кўринган, таниқли муҳаддис олимлар яшаб ўтган экан.

Юртимизнинг бундай бой тарихи ва зафарларга тўлиқ шавкати унинг ҳар бир фарзанди қалбида юксак ифтихор туйғулари уйғотса ажаб эмас. Тарихимиздан сабоқ олиб бугун миллатимиз ёшлари улуғ мақсадлар сари руҳланмоғи, интилмоғи лозим. Буюк соҳибқирон ва саркарда бобомиз Амир ТемурнингИлм, амал, ихлос” – деган буюк даъватлари бор. Яна Соҳибқирон бобомиз “Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир” дейдилар. Бугун мен ўзбек спорти тарихида янги саҳифаларни очган Олимпиада ғолиб ва совриндорларини, худди шундай, миллатимиз “дард”ларига дармон, қалбларига шукуҳ, фахр бағишлаганларини гувоҳи бўлдим. Ва ишонаманки, бу ғалабаларимиз ҳар бир ишимизда бардавом бўлажак.

Бугун халқимиз шонли ва муқаддас байрамимиз, Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги тантаналарини баланд руҳ ва эзгу ниятларни ўз олдиларига қўйган ҳолда кутиб олаётган бўлсалар, Олимпиададаги ғалабамиз бу амалий ишларнинг, яхшиликларнинг дебочаси бўлди десам адашмайман. 

Америкаликларда бир яхши удум бор,  улар ўз ватан байроғини томининг тоқига ҳар қандай шодиёна ва оддий кунда-да илиб қўядилар. Назаримда, бугун биз ҳам, ўз миллатимиз, Ватанимизга бўлган меҳру муҳаббатимиз, садоқатимизни, буюк мақсадларимизни, юрагимиз томига, қалбларимизнинг тоқига байроқ қилиб илиб олмоғимиз даври келди. 

Зилола Хўжаниёзова 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

 шоира, 

ЎзА