Хива шаҳрида “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида ногиронлиги бўлган шахслар маҳсулотларининг VII республика савдо ярмаркаси ўтказилди.
“Ичан қалъа” давлат музей-қўриқхонасининг Ота дарвозаси олд майдони эрталабдан одамлар билан гавжум. Чунки, «Биз биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси бу галги савдо ярмаркаси шу ерда ташкил этилди.
– Мазкур ярмарка ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, уларни жамиятимизнинг ажралмас қисми сифатида руҳлантириш ҳамда касбий салоҳиятини рўёбга чиқаришга қаратилган, –дейди Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Зикирилла Маҳмудов. – “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштириш, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича 2018 йилдан буён амалга оширилиб келинмоқда.
Ярмаркада ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ўз уйларида қўл меҳнати билан тайёрланган турли хил буюм ва маҳсулотлар– каштачилик, заргарлик, дурадгорлхк, зардўзлик, тикувчилик, тўқимачилик, қандолатчилик каби халқ ҳунармандчилиги йўналишларида тайёрланган маҳсулотлар намойиш этилди.
– Жисмоний имконияти чекланган кишилар томонидан ясалган маҳсулот ёки буюмларда гўзаллик ва сифатлиликдан ташқари меҳр борлигини ҳам сезасиз, – дейди Хоразм вилоят ногиронлар жамияти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Саида Қурбонова. – Шу сабабли улар ясаган маҳсулотларни ўзгача ҳавас билан сотиб олишди. Мисол учун, биргина хоразмлик қатнашчилар бир кунда шу ярмаркада ўзлари тайёрлаган 56 миллион сўмлик маҳсулотларини сотишга эришди. Бу уларга катта куч ва руҳ бахш этишдан ташқари шахсий даромадларини оширишга ҳам ёрдам берди.
Хивада ўтказилган мазкур савдо ярмаркасида республикамизнинг 14 та ҳудудидан келган иштирокчилар ўз маҳсулотларини сотганидан ташқари келгуси фаолиятлари учун жами 402 миллион сўмлик шартномалар ҳам тузишди.
[gallery-25450]
Майдондаги куй-наволар, эл суюган санъаткорларнинг чиқишлари ҳамда карнай-сурнай садолари тадбир иштирокчилари, чет эллик сайёҳлар ва меҳмонларга янада кўтаринки кайфият улашди. Иштирокчилар ўзлари қўл меҳнати билан ясаган маҳсулотларини сотиш билан биргаликда маданий ҳордиқ ҳам чиқаришди.
Тадбир якунида ярмарканинг ҳар бир иштирокчисига махсус сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/5seEry780z4" title="“Biz birgamiz” ijtimoiy loyihasi Xorazmda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари