ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро давлат техника университетида 30 июль – Халқаро дўстлик куни муносабати билан “Дўстлик фестивали” ўтказилди.
Олий таълим муассасасида бугунги кунда 10 га яқин миллат ва элат вакили таҳсил олади. Таълим жараёнда талабаларга замонавий билим ва кўникма бериш билан бирга, дўстлик, ҳамжиҳатлик ҳамда бағрикенглик тамойилларини қарор топтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада мунтазам ташкил этилаётган маданий-маърифий тадбирлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
[gallery-24551]
“Ёшлар бирлиги ва бунёдкорлиги учун” шиори остидаги навбатдаги ана шундай фестиваль бирлик, дўстлик ва ўзаро ҳурматнинг чин тимсоли бўлди. Тадбир давомида турли миллат вакиллари бўлган талабалар ўз маданияти, урф-одати, куй-қўшиқлари ва миллий рақслари билан дўстлик руҳи ва юрт тинчлигини юксак даражада улуғлади.
Саҳнада турли тилларда айтилган эзгу тилаклар, театрлаштирилган кўринишлар, маданий чиқишлар ва ижодий саҳналар ёшлар қалбидаги самимият ва меҳрни ифодалади.
Тоҳир ИСТАТОВ(сурат),ЎзА