Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти Аниқ фанлар факультетида ёшлар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳурмат ва маданий хилма-хилликни янада мустаҳкамлаш, талабалар ўртасида ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни тарғиб қилиш мақсадида “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида “Биз – бир оила фарзандларимиз” мавзусидаги миллатлараро тотувлик ва дўстлик фестивали ташкил этилди.
Тадбирда таниқли ҳунармандлар, профессор-ўқитувчилар, тюторлар ва талаба-ёшлар иштирок этишди.
Фестивалда фахрий педагог, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Бегдулла Султанов, институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Қувондиқ Қодиров ва бошқалар сўзга чиқиб, ҳозирги глобаллашув даврида миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик муносабатлари жамиятимиз ва давлатимизнинг ҳар томонлама ривожланишида муҳим аҳамиятга эга йўналишлардан бири эканлигини таъкидлашди.
Тадбир доирасида юртимизда миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб қилишда алоҳида фаоллик кўрсатиб келаётган институтнинг биринчи проректори Қувондиқ Қодиров ва Аниқ фанлар факультети декани ўринбосари Халмурат Есемуратовлар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланишди.
“Тўмарис” халқ ансамбли ва иқтидорли талабалар ижросидаги концерт дастури байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири