Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳудудларда манзарали ва мевали дарахтлар экиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Ушбу эзгу ташаббусга турли қатлам вакиллари – давлат идоралари, жамоат ташкилотлари, ёшлар ҳамда фаол фуқаролар бирдек ҳисса қўшиб келмоқда.

Асли самарқандлик, тарих фани бўйича мустақил тадқиқотчи, айни пайтда Қарши шаҳридаги Осиё технологиялари университетида тарих йўналишида иккинчи мутахассислик бўйича таҳсил олаётган Акмал Ҳамроев ҳам юртимизни янада яшил ва обод масканга айлантириш борасида ўзига хос ташаббус билан чиқди.

У “Биз бир гумбаз остидамиз” акцияси доирасида тарихий обидалар, зиёратгоҳлар ва қадамжолар атрофларига тайёр кўчатлар эмас, балки уларнинг уруғларини қадаш ишларини йўлга қўймоқда.
– Кўчатга нисбатан уруғдан жойида униб чиққан дарахт анча бақувват бўлади, – дейди А.Ҳамроев. – У аввалданоқ ўша тупроқ ва иқлимга мослашиб ўсади. Натижада дарахтнинг яшовчанлиги юқори бўлади.

Яқинда унинг жамоаси Қашқадарё вилояти Касби туманида жойлашган Султон Мир Ҳайдар ота зиёратгоҳи ёнидаги Кўҳна Касби қўрғони атрофига, шунингдек, зиёратгоҳ орқасида жойлашган қадимий Намозгоҳ обидаси ёнига мевали ва манзарали дарахтлар уруғларини қадади.

Акмал Ҳамроевнинг айтишича, ушбу акция доирасидаги ишлар келгусида бутун республика бўйлаб тарихий ва диний қадамжолар, муқаддас масканлар атрофларида ҳам изчил давом эттирилади.
Юртни яшил маконга айлантириш йўлидаги бундай ташаббуслар нафақат табиатни асраш, балки тарихий меросимизни янада обод ва кўркам ҳолатда сақлаб қолишга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири