Наманган вилоятининг барча шаҳар ва туманларида Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан “Биз бир бўлсак ягона халқмиз – бирлашсак Ватанмиз!” шиори остида “Маънавият фестивали” ўтказилмоқда.
Фестиваль Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирлар маданият масканлари, мусиқа муассасалари, марказий майдон ва ўйингоҳлар, Мурувват уйлари, ҳарбий қисмлар, корхона, ташкилотлар, энг чекка, олис қишлоқ ва маҳаллаларда бўлиб ўтмоқда.
“Маънавият фестивали” тадбирлари ранг-баранг бўлиб, бир қатор лойиҳаларни қамраб олган. Хусусан, аҳоли ва ёшлар орасида китобхонлик, меҳр-оқибат, ватанпарварлик туйғуларини оширишга қаратилган “Ватан мадҳи” концерт дастури, “Мутолаа марафони”, “Энг маънавиятли маҳалла” танлови, “Маърифат тур”, “Зиёлилар форуми”, “Уч авлод учрашуви”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Маърифат соати”, “Инсон қадри”, “Аждодларга эҳтиром”, “Маънавият кубоги” спорт мусобақаси, “Миллий бирдамлик” ижтимоий лойиҳалари шулар жумласидан.
Тадбирларда Республикадан ўттизга яқин маърифат тарғиботчилари олим, шоир ва ёзувчилар, кино ва театр актёрлари, ижтимоий тармоқларда машҳур бўлган вайнерлар, таниқли санъаткорлар ҳамда маҳаллий маданият соҳаси вакиллари, имом-хатиблар, яқинда муқаддас Ҳаж зиёратини адо этиб келган нуронийлар иштирок этмоқда. Жумладан, Чуст туманининг қўшни Қирғиз Республикаси билан чегарадош Варзик қишлоғидаги маданият марказида “Оила – маънавият қўрғони” мавзусидаги тадбирга ҳудуднинг кайвони отахон-онахонлари, намунали оила вакиллари, ёшлар таклиф қилинди.
Тадбир давомида аҳоли орасида оилавий ажримларнинг олдини олиш, эрта турмуш қуришнинг салбий оқибатларини тушунтириш, жойларда вояга етмаганлар орасида эрта туғруқ ҳолатлари ва тазйиққа учраган хотин-қизларни ҳимоя қилишга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш зарурлиги қайд этилди.
– Оила Яратган томонидан ато этилган муқаддас қўрғондир. Шукрким, турмуш ўртоғим Раҳмонжон Амонов билан 40 йилдан зиёд давомида ўзаро иноқ ва аҳилликда яшаб келмоқдамиз, – дейди Варзикдаги уй бекаларидан бири Муҳаррамжон Раҳмонова. – Икки қиз ва бир ўғилни эл корига муносиб фарзандлар сифатида камолга етказдик. Ўғлимиз бугун ҳарбийликда Ватан сарҳадлари хизматида бўлса, икки қизимиз тикувчилик ҳамда гўзаллик салони очиб, тадбиркорлик қилмоқда.
“Наманган” эркин иқтисодий зонасида жойлашган, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ихтирочи ва рационализатор” фахрий унвони ва “Дўстлик” ордени соҳиби Дилшод Исматуллаев раҳбарлик қилаётган “Chust textile” масъулияти чекланган жамият бугун икки мингдан зиёд йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш асносида трикотаж матоси тўқиш, бўяш ва ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали экспорт салоҳиятини юксалтиришда салмоқли ютуқларга эришиб келмоқда.
Мазкур корхонада “Маърифат соати” лойиҳаси доирасида ишчилар билан самимий руҳда бўлиб ўтган маданий-маърифий учрашувда юртимиздаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова, Ўзбек миллий академик драма театри актёри Ўткир Менглиевнинг чиқишлари иштирокчиларга яхши кайфият улашди.
– Икки йилдан буён “Чуст текстиль” корхонасида қадоқлаш цехида ишлаб келмоқдаман, – дейди Дилнавоз Шарипова. – Корхонамизда ишдан ташқари турли тадбирлар ўтказилиб турилади. Лекин “Маънавият фестивали” доирасидаги тадбир мен учун унутилмас таассуротларга бой бўлди.
Поп туманининг Уйғурсой маданият марказида кечган “Уч авлод учрашуви”да озодлик, инсон маънавияти ва ҳурлиги, китобхонлик ва миллий қадриятларнинг ҳаётимиздаги ўрни ҳақида ҳаётий мисоллар, бой тажрибалар уйғунлигида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Уч авлод вакиллар ўртасида бўлиб ўтган “Заковат” интеллектуал ўйини ташкил этилгани улар ўртасидаги ўзаро қадриятларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилган бўлса, эл ардоғидаги санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқлар ва шоирлар айтган дилга яқин шеърлар тадбир иштирокчиларига сурур бағишлади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА