Президентимизнинг 2022 йил 10 февралда қабул қилган «Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори асосида Усмон Носирнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, асарларини чоп этиш, бу борада Россия Федерациясининг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш юзасидан кўплаб ишлар олиб борилмоқда.
Бу йўналишда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан амалга оширилаётган ишлар хусусида мазкур ижодий тузилма вакиллари қуйидагиларни сўзлаб бердилар.
Муҳиддин Абдусаматов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси масъул котиби:
– "Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори асосида уюшмада кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Усмон Носирнинг «Танланган асарлар» китоби нашрга тайёрланди. Бу асарнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, китобда Усмон Носирнинг илк марта китобга киритилаётган шеърлари бор. Бу шеърлар ўз даврида ўша олис йилларнинг матбуоти саҳифаларида қолиб кетган эди. Шунингдек, Усмон Носирнинг адабий, публицистик мақолалари, драмалари топилди.
Аввалдан маълумки, Усмон Носирни Пушкин ва Лермонтов шеъриятининг таржимони, деб билардик. Энди маълум бўлдики, Усмон Носир Гётедан, Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асаридан бобларни таржима қилган экан. «Танланган асарлар»да шулар ҳам жамланган.
Нашрга тайёрланган яна бир китоб «Усмон Носир замондошлари хотирасида» деб номланади. Унда оташин шоир ҳақидаги энг яхши тадқиқотларга кенг ўрин берилган. Китоб уч қисмдан иборат бўлиб, хотиралар, мақолалар, Усмон Носирга бағишланган шеърлар ўрин олган. Ушбу китобларни тайёрлашда академик Наим Каримов, филология фанлари доктори Марҳабо Қўчқорова каби олимларимиз фаол ҳисса қўшдилар.
Ҳозирда Усмон Носир ҳақида саҳна асарларини яратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Муқимий номидаги Ўзбекистон Давлат мусиқали театрида адиб Жавлон Жовлиевнинг «Усмон Носир» асари саҳналаштирилди. Шоир ҳақида Абдулла Аъзам, Нодира Рашидова каби ижодкорларнинг ҳам саҳна асарлари бор. «Шарқ юлдузи» журналида Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг «Усмон Носир» номли драмаси чоп этиляпти. Шунингдек, наманганлик ижодкор Жамолиддин Муслим янги драма яратди.
Рисолат Ҳайдарова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Халқаро алоқалар ва бадиий таржима бўлими бош мутахассиси:
-- Уюшма томонидан «Туркий адабиёт хазинаси» номли 100 жилдли асарлар мажмуаси тайёрланмоқда. Бу туркум маърифий лойиҳада Усмон Носир ижодига ҳам алоҳида жилд, алоҳида китоб ажратилмоқда. Унга шоир Усмон Носирнинг шеърлари, достонлари, драмалари кирган.
Ҳозирда Усмон Носир билан боғлиқ архив материалларини ўрганиш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда. Бунда Ўзбекистоннинг Новосибирск (Россия Федерацияси)даги бош консуллиги катта ёрдам бермоқда.
Сабаби, Россия Федерациясидаги бир қатор тегишли ташкилотлар, архив идоралари билан биргаликда иш олиб боришга тўғри келади. Бу материаллар Усмон Носирнинг Россиядаги ўша оғир дамлардаги ҳаёти ҳақида маълумот беради. Шунингдек, Кемеровода мазкур шаҳар маъмурияти ташаббуси ва ҳисобидан ўзбек шоири Усмон Носирга муҳташам ҳайкал ўрнатилиши кўзда тутилмоқда. Ҳайкалнинг эскизи Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Бадиий академияси, Маданият вазирлигига тақдим этилди. Ҳайкалнинг очилиши куз ойларида бўлиб ўтади. Кемеровода Усмон Носирга бағишланган адабий-маърифий тадбирларнинг дастлабкиси ҳам ўтказилади. Шунингдек, октябрь ойида Кемеровада «Менинг боғим» деб номланган адабий кеча ҳам ўтиши режалаштирилган.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан Усмон Носир ижодига бағишланган йирик конференция, адабий мулоқотлар мамлакатимизда бўлиб ўтиши режалаштирилган. Шу билан бирга «Шеъриятда Усмон Носирнинг маҳорат сабоғи» туркум дарсларни ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир ижодини янада кенг тарғиб этиш имконини беради.
Назокат Усмонова ёзиб олди, ЎзА