“Ўткир сўз”
“Ўткир сўз”нинг навбатдаги меҳмони непаллик ёш, таниқли шоир Камол Дхунгана. Шоирнинг айтишича, Непал адабиёти бугун ухлаётган ҳукуматни уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Унинг фикрича, адабиёт аслида жамиятнинг аччиқ ва ширин ҳақиқатлари олдида изтироб чекишдир.
Маълумот учун, Камол Дхунгананинг шеърлари ватанидан ташқари Россия, Сербия, Испания, Ҳиндистон, Миср, Италия, Хитой, Покистон, Бельгия, Мексика, Бразилия, Фаластин, Буюк Британия, Греция, АҚШ, Никарагуа, Индонезия, Дания, Перу, Бутан, Украина каби мамлакатлардаги нашрларда чоп этилган. Камолнинг шеърлари вьетнам, бенгал, румин, хитой, испан, рус, украин тилларига ўгирилган. У билан суҳбатимиз ўзбек ва непал адабиётининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш, маданиятлараро яқинлик ва узвийликни таъминлаш хусусида кечди.
– Келинг, дастлаб суҳбатни халқингиз адабиётидан бошласак. Ўзи Непал адабиёти деганда нимани тушунишимиз керак? Бу адабиётнинг ўзига хослиги нимада?
– Аввало, адабиётнинг ўзи эстетик-фалсафий нуқтаи назардан менинг қарашимча, ақл ва туйғу қоришмаси. Аслида адабиёт жамиятнинг аччиқ ва ширин ҳақиқатлари олдида изтироб чекиш. Энди Непал адабиётига келсак, у энди ўсиб келаётган ва ривожланаётган адабиёт. Бизда кейинги вақтларда адабиёт ихлосмандлари ҳам ёзувчилар ҳам тез суръатлар билан ўсмоқда. Тўғри, биз нисбатан қашшоқ халқмиз, жамиятимизда деспотик феодаллар ва коррупция урчиган. Муаммолар кўп, ечим йўқ. Шунинг учун адабиёт орқали ҳукумат эшигини таққиллатаяпмиз. Непал адабиёти ухлаётган ҳукуматни уйғотишга ҳаракат қилмоқда. Мен ишонаман, адабиётимиз нафақат Непалда, ҳали бутун дунёда тантана қилади.
– Тушунарли, сизга айтишим керакки, Ўзбекистонда Непал адабиётига бўлган эътибор, Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврга тўғри келади. Ижодкорларимиз 1958 йил Тошкентда Непал шоирларининг шеърий антологиясини нашр қилишганди. Солиштириш учун Непал адабиётига оид илк китоб Москвада 1962 йилда чоп этилган. Аймоқчиманки, ўзбеклар Непал адабиётини ўрганишда етакчи бўлган. Мени қизиқтирадиган савол, Непалда ўзбек адабиётини қай даражада билишади?..
– Мен ва сиз бир-биримизни билганимиз каби непал халқи ва адабиёт жонкуярлари ҳам, қайсидир маънода ўзбек адабиётини билишади. Навоий ғазал ёзганидек, бизнинг шоирлар ҳам шу жанрда ҳозир ҳам ёзишади. Бизда шеърият шарқ анъаналари ва қадриятлари руҳида умумий организм сифатида асрлар давомида ривожланиб келган. Мумтоз шарқнинг улуғ шоирларини шу маънода бизда ҳам албатта билишади ва қадрлашади. Биз сизнинг “Биз йўқ бўламиз” номли ғаройиб ҳикоянгизни непал тилида чоп этдик ва бизда замонавий ўзбек адабиётига ўзгача қизиқиш уйғонди. Илгари бизда Шароф Рашидовнинг “Кашмир қўшиғи” босилган.
Умуман Непалда ўзбек адабиётини яхши қабул қиладилар, сизларда яхши адабиёт бор ва ўзаро адабий ҳамкорликларимизни кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Чунки асл адабиётнинг на дини, на давлати ёки табақаси бор. Сизларда Абдулла Қодирий биринчи насрни жорий этган ёзувчи бўлса, бизда шундай ёзувчи Гопал Прасад Римал бўлади. У насрда ёзган типик Непал шоири эди. Ҳозирда Непалда шоир ва ёзувчиларнинг катта тўфони келган, ўйлайманки, сизларда ҳам шундай. Табиийки, бу ҳар икки халқни қизиқтирмаслиги мумкин эмас.
– Непал адабиётида шеъриятнинг ўз ўрни бор. Айтайлик, анъанавий ғазал ҳозир ҳам поэзияда етакчи роль ўйнайди. Аммо охирги пайтларда аруз вазнида эмас, бармоқ вазни ёки сарбаст вазнида ёзилаётган шоирлар ижодига Непалда муносабат қандай? Шеъриятнинг бугунги ривожида Непалда қайси шоирларга эътибор қилиш муҳим деб ўйлайсиз?
– Ҳақсиз, шеърият бизда бирламчи аҳамиятга касб этади. Шахсан ўзим ҳам анъанавий ғазални яхши кўраман, ижодимда бунга алоҳида эътибор қаратаман. Янгича услубда ёзаётган кўплаб шоирларимиз бор, уларнинг аксар асарлари чет мамлакатларда нашр этилган. Шоирларимиз ижоди дунёнинг барча бурчакларида чуқур таъассурот қолдирмоқда. Мен уларни номма-ном санамоқчи эмасман, чунки бунга бармоқларим етмайди. Аммо кимгадир эътибор қилиш лозим бўлса, мен Бханубхакт Ачарьи (1812-1868) дан бошлаб, Лакшмипрасад Девкот(1908-1958)гача ва ҳозирги адабиётимизгача эътиборни торта оладиган бутун бошли авлод бор деб айта оламан.
– Непал адабиётида насрнинг ривожи қандай? Ҳикоя, қисса, роман мисолида бу ҳақда баҳо берсангиз? Замонавий Непал ёзувчилари адабиётга нима берди ва нима бермоқда?
– Мен бу ўринда яна Непал адабиётининг наср яратувчиси Гопал Прасад Римал ажойиб насрини ва адабиётимизга берган ҳиссасисиз ҳеч нарсани таърифлай олмайман. Непал шоирлари шеърларида муаммоларни ҳислар ва туйғуларда ифодалаган бўлса, ёзувчиларимиз ҳикоя, қисса ва романларида бу ҳақда батафсил ёздилар ва миллат руҳига таъсир қила олдилар, деб ўйлайман. Ўтмиш ёзувчиларимизнинг хизмати замонавий непал адабиётини юзага чиқарди.
– Ўзбек ва непал адабиётида ўзаро адабий алоқаларни ривожлантириш учун қандай лойиҳалар қилсак бўлади? Шу ҳақда фикрларингиз муҳим.
– Икки халқ маънавий мулкининг олмослари саналадиган улуғ ёзувчилар ва бетакрор шоирларини классиклардан бошлаб замонавийларигача ўзаро тарғиб қилишимиз, ўзаро таржима қилиш тизимини йўлга қўйиш катта қадам бўларди. Шахсан мен замонавий ўзбек адабиёти энг яхши ижодкорларини сиз танлаб берсангиз таржима қилишим ва уларни газета ва журналларимизда нашр этишим мумкин. Ўз навбатида бизнинг ёзувчиларимизга Ўзбекистон маданий ҳаётида намоён бўлишига имконият берсангизлар, кўп хайрли ишларни амалга оширишимиз мумкин. Ҳаммасига ҳафсала, қунт, иштиёқ керак. Адабиётнинг жилваси юзимизда акс этиб турса, бунга эришиш мураккаб эмас, шундай эмасми?!
Мафтуна Каримова суҳбатлашди
ЎзА