Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битта қуёндан 25 килограмм гўшт
16:27 / 2016-01-27

Бугун фермерлар фақат пахта ва ғалла етиштириш билан чекланиб қолмасдан, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий фаолият турлари билан ҳам шуғулланмоқда, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилаётир.

Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, фермерлик ҳаракатининг кенг йўлга қўйилиши қишлоқ аҳолисининг ҳаётида туб бурилиш ясади. Ернинг ҳақиқий эгасига топширилиши мулк шаклини ўзгартирибгина қолмай, қишлоқ ҳаётини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Бугун фермерлар фақат пахта ва ғалла етиштириш билан чекланиб қолмасдан, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, хизмат кўрсатиш ва бошқа ижтимоий-иқтисодий фаолият турлари билан ҳам шуғулланмоқда, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ташкил этилаётир. Эндиликда улар аграр соҳанинг сердаромад тармоқлари – чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик фаолиятини йўлга қўйиб, янги мақсадлар сари изланмоқда. Айни пайтда Фарғона вилоятида 10 мингдан ортиқ фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. 2015 йилда вилоятда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7 фоизга ўсгани ҳам соҳа ривожига қаратилаётган алоҳида эътибор самарасидир.

Кейинги йилларда вилоятда қуёнчиликни ривожлантириш, наслчилик ишларини такомиллаштириш ва ушбу йўналишда ихтисослашган кўп тармоқли агрофирмалар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни жараёнда вилоятда қуёнчиликка ихтисослашган битта йирик комплекс ҳамда ҳар бир туманда ушбу йўналишда иккитадан хўжалик ташкил этиш ишлари амалга оширилмоқда.

Қува туманидаги “Водий қуён ҳамкорлик” агрофирмаси мазкур соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган фермерлар учун тажриба хўжалиги сифатида иш олиб бораётир.

– Қуёнчилик ҳам сердаромад соҳа, – дейди “Водий қуён ҳамкорлик” агрофирмаси раҳбари Бобур Насриддинов. – 2009 йилда ташкил этилган хўжалигимизни ҳар томонлама ривожлантириш учун хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш, наслли қуён зотларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.

Қува туманининг дашт ҳудудларида Европадан келтирилиб парваришланаётган наслли қуёнлар маҳаллий иқлим шароитига мослашиб улгурди. Беш йилдан буён мазкур хўжалик қуён зотларидан бенуқсон насл олишга ҳам муваффақ бўлмоқда.

– Интернет тармоғи орқали соҳага оид сўнгги янгиликлар, қуён парваришлаш, насл олишдаги илғор тажрибалар, технологик жараёнларни диққат билан ўрганиб борамиз, – дейди хўжалик ветеринари Омонжон Собиров. – Гўшт йўналишида боқиладиган қуённинг жаҳон миқёсида энг юқори маҳсулдорлик кўрсаткичи 25 килограмм ҳисобланади. Бизнинг хўжаликда ҳам ушбу йўналишда ҳар бир қуёндан 25 килограммгача парҳезбоп гўшт маҳсулоти олинмоқда. Қуён гўшти келишув асосида қўшни вилоятлар ва пойтахтимиз бозорларига етказиб берилаётир.

Қуёнчилик ҳақида гап кетганда кўпчилик “Ажойиб хаёлпараст” бадиий фильмини эслайди. Тажриба учун олиб келинган қуёнлар тез кўпайиши билан фильм қаҳрамони – Ҳасаннинг эътиборини тортади. Тезда бойиб кетишни кўзлаган Ҳасан аканинг фикри ўша давр учун шунчаки ҳавас бўлиб туюлиши мумкин, аммо бугун қуён боқиш кўпчилик учун даромад манбаига айланган.

Қуёнчилик – истиқболли тармоқ. Қуён товушқонлар оиласига мансуб сут эмизувчи ҳайвон бўлиб, Антарктидадан ташқари ер юзининг барча минтақасида тарқалган. Ҳозир фанга қуённинг 50 дан ортиқ зоти маълум. Олинадиган маҳсулотга қараб икки катта гуруҳга ажратилади – гўшт ва тери берадиган қуёнлар.Музлатилган қуён гўштидан йилнинг исталган фаслида фойдаланиш мумкинлиги унинг парҳезлик ва бошқа хусусиятларини оширади. Гўштининг биологик қиймати, юмшоқлиги ҳамда ёғ ва холестерин моддаси камлиги ҳисобга олиниб, тиббиётда аллергия, гипертония, ошқозон-ичак, меъда, ўт-пуфак, жигар касалликларини даволашда фойдаланилади. Ўзбекистонда ҳозир уй шароитида қуёнбоқарлар кўпроқ оқ великан, кулранг великан, оқ момиқ ва ангор зотли қуёнларни кўпайтирмоқда. Қуён момиғидан тайёрланган ашёлар даволовчи хусусиятга эга бўлиб, неврология, радикулит билан оғриган беморларга тавсия этилади. Қуён момиғи иссиқни сақлаш хусусиятига кўра, қўй жунидан 10 баробар устун туради.

Қулай иқлим шароити, хомашё базаси, табиий ер майдони етарли экани вилоятда қуёнчиликни янада ривожлантириш имконини беради.