Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Андижон туманида ер олиш истагидаги ёшлар билан учрашди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида амалий ишлар бошланган.
Андижон тумани Чўлпон массивидаги “Кўхинур саховати” фермер хўжалигида вилоят ҳокими “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш жараёнида ер олиб, деҳқончилик қилиш ва бошқа йўналишларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирган ёшлар билан бевосита мулоқот қилди.
Фермер хўжаликлари раҳбарлари, ёшлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида ўтган учрашувда вилоят ҳокими аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича мамлакатимиз, хусусан, Андижонда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Ёшларнинг қизиқишлари, муаммолари, тадбиркорлик орқали даромад топиш хусусидаги таклиф, фикр ва мулоҳазаларини эшитди.
[gallery-1217]
“Кўхинур саховати” фермер хўжалиги экин майдонидан 28 нафар йигит-қизга деҳқончилик қилиш учун 10 сотихдан ер ажратиб берилди. Шу куннинг ўзидаёқ зарур агротехник тадбирлар бошланди. Вилоят ҳокими, мутахассислари деҳқончилик қилиш учун ер олган ёшларга экин майдонидан унумли фойдаланиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.
Шунингдек, йилига камида икки марта ҳосил олиш орқали даромадни ошириш зарурлиги қайд этилиб, бунинг учун барча шароитлар яратиб бериладиган бўлди.
– Очиғи, юртимизда ёшларга шундай кенг имкониятлар яратиб бериляптики, бизга фақат белни маҳкам боғлаб, астойдил ишлаш қоляпти, холос, – дейди Миробод маҳалласида яшовчи Караматилло Абдуллажонов. – Анчадан буён тайинли ишим йўқ, бекор юрар эдим. Мана менга ер берилди. Энди мустақил равишда ишлаб, деҳқончилик қилиб даромад топишга ҳаракат қиламан.
Учрашув давомида вилоят ҳокими Бўтақора маҳалласида ёш тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди.
Самимий тарзда ўтган учрашувда Толмозор маҳалласида бўёқ ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлик ишини бошламоқчи бўлган ишбилармонлар ва Бўтақора маҳалласида мебель тайёрлаш билан шуғулланаётган ёш ҳунармандларга фаолиятларини кенгайтириши учун ер ажратиб бериладиган бўлди. Бунинг натижасида ўнлаб ёшлар доимий иш ўрнига эга бўлади.
Андижон туманида 1 минг 670 нафар йигит-қиз ер олиш истагини билдирган. Туманда ер бериш жараёни босқичма-босқич давом этмоқда.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА