2016 йилдан буён 11 февралда Хотин ва қизлар фанда халқаро куни нишонланади. Ушбу байрамнинг пайдо бўлиш тарихи 2013 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Фан, техника ва инновациялар ривожланиш мақсадларида” резолюцияси қабул қилинганлиги билан боғлиқдир. Ушбу ҳужжатда хотинл-қизларни фан, техника ва инновация соҳаларида тенг ва тўлақонли иштирок этишлари зарурлиги ҳамда мазкур соҳаларда гендер тенг ҳуқуқлиги таъминлаши зарурлиги белгилаб қўйилди. Ўшандан икки йил ўтгач БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияда 11 февраль Хотин ва қизлар фанда халқаро куни сифатида эълон қилинди.
Хотин-қизлар илмий ва технологик ҳамжамиятда муҳим роль ўйнайди. Физика, кимё ва тиббиёт соҳасида оламшумул ихтиролар яратган 23 олима аёл Нобель мукофоти лауреатлари бўлган. Олималар инновация тадқиқотларида фаолликларини давом эттирмоқдалар. Фандаги хотин-қизлар ҳаёт учун ниҳоятда муҳим дори-дармонлар кашф этмоқдалар, коинотни тадқиқ этмоқдалар, фаннинг бошқа соҳаларида ҳам янги ихтиролар яратмоқдалар.
Шу билан бирга хотин-қизлар жаҳондаги тадқиқотчилар умумий сонининг 30% дан ҳам камроғини ташкил этади. ЮНЕСКО хотин-қизлар ҳозирча айниқса, ахборот телекоммуникация соҳасида ниҳоятда камчиликни – атиги 3% ни, табиий фанлар ва математикада эса – 5% ни ташкил этишидан ташвишда. Уларнинг фанда тенг ҳуқуқли асосида иштирок этиши илмий тадқиқотлар турфалигини таъминлаш, ноёб истеъдодга эга бўлганлар доирасини кенгайтириш, илмда янада юқорироқ ютуқлар қўлга киритилишида ниҳоятда муҳим роль ўйнаши шубҳасиздир.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси жаҳондаги барча мамлакатларни ушбу мавжуд муаммоларга эътиборни қаратиш, фан, техника ва инновацияларда гендер нотенглиги сабабларини аниқлаш, шунингдек, хотин-қизларни илм-фан соҳасига жалб этиш учун зарур дастурларни ишлаб чиқишга даъват этади.
Ўзбекистон ҳамиша ўзининг аёл олималари билан фахрланиб келган. Ҳуқуқшунослик соҳасида илмий даражага эга бўлган биринчи ўзбек аёли Ҳадича Сулаймонова, Ўзбекистон Қаҳрамони, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси Малика Абдуллахўжаева, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича юқори даража эксперт кенгашининг аъзоси, жаҳоннинг энг истеъдодли аёл фан арбоблари қаторидан ўрин олган Дилфуза Эгамбердиева ва бошқа кўпгина олималаримиз фақат мамлакатимизда эмас, бутун дунёда ҳам машҳур.
Олима аёлларимиздан 935 нафари Ўзбекистон Фанлар академиясининг илмий ходимларидир, уларнинг 112 таси фан доктори ва 279 таси фан номзоди илмий даражаларига эга. Улар янги илмий тадқиқотларни амалга ошириш ва инновацияларни ривожлантириш билан бир қаторда мамлакатимизнинг тарихий, илмий, маданий меросни ўрганиш, кенг тарғиб қилишда ҳам намуна бўлмоқдалар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мутафаккирларимизнинг “Битта қиз болани ўқитсанг – бутун оилани ўқитган бўласиз” деган доно сўзларини келтирар экан, мамлакатимизда қизларимиз замонавий билимлар ва касбларни эгаллашлари, илм-фанни ривожлантиришда пешқадам бўлишлари, жамиятда ва оилада намуна кўрсатишлари учун ҳамма шарт-шароитлар яратилишини таъкидлаганлар.
Шу мақсадда гендер тенглигини таъминлаш, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожлантириш мақсадларини изчил амалга ошириш мақсадида 2022-2026 йилларда иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий соҳаларда хотин қизларнинг фаолликларини ошириш бўйича миллий дастур тасдиқланган.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб давлат бюджетидан ҳар йили тижорат банкларига камида 1,8 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Бу олий таълим муассасалари, техникумлар ва коллежларда ўқиётган қизларнинг таълим контрактларини етти йил муддатда тўлаш учун мўлжалланган. Шу билан бирга ҳар йили 200 миллиард сўм маблағ давлат олий таълим муассасаларининг магистратурасида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини молиялаштиришга сарфланади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан эса 50 нафар хотин-қизга бакалавр таълим дастурлари, 10 нафар хотин-қизга махсус магистратура таълим дастурларида ўқитиш учун қўшимча грантлар ажратилади. Шунингдек, ижтимоий жиҳатдан муҳтож оилаларнинг фарзандлари, етимлар, ота-она қарамоғисиз қолган 2100 нафар студент қизга ҳар йили маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлов контрактлари тўлаб берилади.
Давлатимиз томонидан хотин ва қизларнинг таълим олиш, илмий ишлар билан шуғулланиш учун барча қулай шароитларни яратиб бериш бўйича ғамхўрликлари ўз натижаларини бермоқда. Ўтган йили мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларига 2 минг нафар қиз махсус грант асосида қабул қилинди. Бу биринчи маротаба олий таълим муассасаларига грант асосида қабул қилинган барча студентларнинг 60 фоизини ташкил қилди.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.
ЎзА