English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Битмас хазина” китоб фестивали
14:27 / 2024-09-16

Тошкент вилоятининг хушманзара Бўстонлиқ туманида “Битмас хазина” деб номланган китоб фестивали бўлиб ўтмоқда.

Фестивалда мамлакатимизнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари, ношир ва адабиётшунос олимлар, таржимонлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда. 

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Хўжаев, Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари Жамшид Бобожонов, Ўзбекистон Қаҳрамони, адабиётшунос олим Иброҳим Ғафуров, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Минҳожиддин Мирзо фестивалнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдирди. 

Фестивалдан кўзланган асосий мақсад жамиятимиз, айниқса, ёшлар орасида мутолаа маданиятини юксалтириш, китобга бўлган қизиқишни оширишдир. Фестивалнинг “Битмас хазина” деб номланиши бежиз эмас. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020 - 2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Миллий дастур тасдиқланган. Унга асосан ташкилий-ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштириш юзасидан 2020-2023 йиллар давомида жами 44 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. 

[gallery-19286]

Яратилган шарт-шароитлар, хусусан, ноширлик ва матбаа фаолиятини бошлаш борасидаги тартиб-таомиллар соддалаштирилганидан сўнг ҳудудлардаги нашриёт ва матбаа корхоналарининг сони сезиларли даражада ошди. Жумладан, республикада 2020 йилда 168 та нашриёт фаолият юритган бўлса, жорий йил 1 август ҳолатига кўра, уларнинг сони 562 тага етди. Бу даврда матбаа корхоналари 1 минг 589 тадан 1 минг 931 тага кўпайди. 680 дан ортиқ ихтисослашган китоб савдо мажмуаси орқали китоб маҳсулотларини республиканинг чекка ҳудудларига тезкор етказиб бериш бўйича янги лойиҳалар жорий этилди. 

Икки кун давом этадиган тадбирда муаллифлик ҳуқуқи, чоп этилаётган китоблар сифати, китоб савдосига оид муаммолар ва уларнинг ечимлари ёзувчи, шоир, ноширлар иштирокида муҳокама қилинади. 

Бугун бу ерда “Муаллифлик ҳуқуқи ва таржима масалалари” номли конференция ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда адиблар, ноширлар, китоб савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар, таржимонлар иштирокида давра суҳбатлари, баҳс-мунозаралар ташкил қилинмоқда. Бундан ташқари, “Битмас хазина” китоб кўргазма-ярмаркаси ташкил этилди. Унда қатнашаётган ноширлар ўзлари чоп этган асарларни намойиш қилаётир. 

–Фестивалда биз каби энди фаолият бошлаётган ёшлар малакали мутахассислар билан тажриба алмашмоқда, – дейди Халқаро Нордик университети магистри Нозимабону Тожибоева. – Бундан жуда хурсандмиз. Ташкил этилган китоблар кўргазмасида ҳам янги чоп этилган китоблар билан танишдик, муаллифлар билан суҳбатда эса ўзимизни қизиқтирган саволларга жавоб олмоқдамиз. 

Таъкидлаш лозимки, мазкур фестиваль энди ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида ҳар йили “Битмас хазина” номли дурдона асарлардан иборат 5 томлик китоблар тўплами нашр қилинади. Бу тўпламга дунё тан олган мумтоз адабиёт намуналари, ўзбек адабиёти дарғаларининг қаламига мансуб асарлар, янги таржима ва назмий асарлар киритилади. 

А.Мусаев, А.Алижонов (сурат), ЎзА мухбирлари