Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битмас-туганмас хазина
12:37 / 2021-02-07

Тошкент давлат шарқшунослик университетида ташкил этилган "Алишер Навоий ижоди жаҳон шарқшунослик нигоҳида" номли халқаро онлайн илмий конференциянинг иккинчи куни ҳам қизиқарли мулоқотлар, тадқиқотлар тақдимотига бой бўлди.

Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 октябрдаги "Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги" қарори ижроси доирасида ташкил этилди.

Анжуманда жаҳоннинг кўплаб давлатларининг олимлари буюк аллома бобомиз асарларини матншунослик, манбашунослик, адабиётшунослик, тил ва услуб жиҳатдан ўрганиш, бу йўналишдаги ишларни атрофлича муҳокама этиш имконига эга бўлдилар.

Мазкур университетда ҳам навоийшунослик масаласи бўйича ўзига хос мактаб яратилган. Кейинги пайтларда бу ерда Навоий ижодини ўрганиш бўйича қатор монографиялар, китоблар нашр этилди, тадқиқотлар мунтазам олиб борилмоқда. Конференцияда наинки университет, балки Ўзбекистонда бу борадаги ишлар юқори эътироф этилди.

Шу билан бирга Навоий ижодининг хорижда ўрганилиши масаласини комплекс тарзда таҳлил этиш, Навоий асарлари, қўлёзмалари, тарихий манбаларни рақамлаштириш, янги давр навоийшуносларини тайёрлаш каби масалалар ҳақида анжуманда атрофлича сўз юритилди.

– Университетда азалдан қўлёзмалар бўйича иш олиб борилади, –деди олима Малоҳат Пўлатова.– Бу тадқиқотларла Навоий ижодини ўрганиш муҳим ўрин тутади. Алломанинг "Арбаъин" асари устида изланишлар олиб бордим. Унда Шарқ адабиётида арбаъин ёзиш анъаналари Жомий, Навоий, Фузулий ижоди мисолида таҳлил этилган. Конференцияда Навоийнинг "Арбаъин" асари қўлёзмалари матншунослигига оид маъруза билан қатнашдим.

– Алишер Навоий ижодига Эронда ҳам ҳурмат, эътибор ва эҳтиром жуда катта, – деди Эрон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамид Найирободий. – Жумладан, яқиндагина Машҳад университетида Навоий ижодига бағишланган йирик анжуман бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли мамлакатларининг олимлари фаол қатнашди. Бу каби анжуманлар мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстлик, маданий-маърифий алоқаларнинг янада равнақ топишига хизмат қилади.

Халқаро анжуман юртимиз ва хорижлик олимлар, тадқиқотчиларда катта таассурот уйғотди. Аллома бобомиз меросини ўрганиш бўйича келгусидаги амалий ишлар белгиланди.

ЎзА