French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчиларнинг бандлиги қамрови оширилади
09:58 / 2026-02-26

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ҳудуддаги олий таълим муассасалари ректорлари билан учрашди.

Суҳбатда ҳудудда олий таълим тизимини ривожлантириш, битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш, кадрлар тайёрлашда таълим ва амалиёт уйғунлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди. 

Таъкидланганидек, Президентимиз ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувида нафақат талабани олий маълумотли қилиш, балки унинг бандлигини  таъминлаш масъулиятини ҳам бевосита олий таълим муассасалари ректорлари зиммасига юклаган эди. Шу боис, мазкур учрашувда айнан битирувчи талабаларнинг иш билан таъминланиши масаласи асосий йўналишлардан бири сифатида белгиланди.

Мулоқот давомида барча ректорларнинг фикр ва таклифлари батафсил тингланиб, битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилган аниқ чора-тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Хусусан, битирувчиларни ишга жойлаштириш жараёнини тизимли ташкил этиш, иш берувчи ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш, кадрлар тайёрлашни меҳнат бозори талабларига мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.   

Вилоят ҳокими томонидан жойлардаги барча корхона ва ташкилотлар раҳбарларига олий ўқув юртларига бориб, мавжуд вакант лавозимлар бўйича маълумот бериш, битирувчи ёшлар орасидан ўз эҳтиёжларига мос кадрларни танлаб олиш бўйича амалий ишларни бошлаш топширилди. 

Учрашувда дуал таълим тизимини янада кенгайтириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Мазкур йўналишда талабаларнинг ўқиш жараёнидаёқ ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалий кўникмаларга эга бўлиши, уларнинг назарий билимларини реал меҳнат бозори талаблари билан уйғунлаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, бу тизим битирувчиларнинг келгусида ишга жойлашиш имкониятларини сезиларли даражада оширади ҳамда иш берувчилар учун зарур бўлган малакали кадрларни тайёрлашга хизмат қилади. Ушбу жараёнга ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш соҳаси вакилларини кенг жалб этиш зарурлиги белгилаб олинди. 

Яна бир муҳим ташаббус сифатида барча олий таълим муассасаларида банклар иштирокида “Лойиҳа офиси”ни ташкил этиш белгиланди. Ушбу тузилма талабаларнинг стартап ва бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, истиқболли лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириш ҳамда ёшларнинг тадбиркорлик фаоллигини оширишга хизмат қилади. 

Бундан ташқари, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва спортни оммалаштириш мақсадида барча спорт йўналишлари бўйича “Ректор кубоги” мусобақаларини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди. Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

А. Мусаев, ЎзА