Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 56 та мактабда ўқув йили муваффақиятли якунланиб, "Сўнгги қўнғироқ" тадбирлари бўлиб ўтди. Дилларга ўзгача шукуҳ, қалбларга бир олам ҳаяжон бахш этиб, бир умр ширин хотира билан эсланадиган мазкур тадбирлар таълим масканларида “Илм – энг буюк шараф!” шиори остида ташкил этилди.
Туманнинг Миришкор маҳалласидаги 29-сонли мактаб биносида ўтказилган тадбирда туман ҳокими Дилфуза Ўролова иштирок этиб, Президентимизнинг ёшларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди. Битирувчиларга мустақил ҳаётга оқ йўл тилади.

Тадбирда қатнашган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар ва устоз-мураббийлар ҳам битирувчи йигит-қизларни самимий қутладилар. Тантанали тадбир давомида ўқув йилида улкан ютуқларга эришган фаол ўқувчи ва ўқитувчиларнинг натижалари алоҳида эътироф этилиб, муносиб тақдирланди. Унутилмас ва ҳаяжонли лаҳзаларни туҳфа этган “Сўнгги қўнғироқ” садолари жаранглаб, тантаналарга якун ясади.

Маълумот учун: бу йил тумандаги умумтаълим мактабларининг 11-синфини 1 минг 436 нафар ўқувчи битирмоқда. Улардан 41 нафари мактабни олтин ва кумуш медаллар билан тамомлашга даъвогарлик қилмоқда. Шунингдек, 10 синф ўқувчилари ва битирувчиларнинг 145 нафардан зиёди LELTS, CEFR ва миллий сертификатларни қўлга киритди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири