Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчиларни иш билан таъминлаш – муҳокама марказида
16:34 / 2022-02-28

Республикамизда таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Ёшларимиз учун янги иш ўринлари очиш, уларнинг ҳалол меҳнат қилиб, даромад топиши ҳамда ишга жойлашишлари учун бир қатор имтиёзлар тақдим этилмоқда.

Шу билан бирга ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг тарғиб қилиш ва уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш борасида ҳам аниқ механизмлар яратилган. 

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида онлайн тарзда ташкил этилган конференцияда шулар хусусда сўз борди. Бунда онлайн битирувчилар ярмаркаси ҳам ўтказилди. Конференцияда республика бўйича ишчи ўринларини яратиб берувчи тадбиркорлик субъектлари, халқ таълими вазирлиги ходимлари, таълим муассасалари битирувчилари, олис ҳудуд мактаблари раҳбарлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети раҳбарияти ҳамда талабалар қатнашди. 

Онлайн конференция давомида республикамизнинг чекка ҳудудларидаги баъзи умумтаълим мактабларида чет тиллари ўқитувчилари етишмаслиги ҳалигача сақланиб қолингани айтилди. Бу бўйича ишлаш истагини билдирганлар учун керакли манзил ва кўрсатмалар берилди.  

Президентимизнинг 2021 йил 11 январдаги “Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021 йил 1 мартдан таълим даражаси юқори бўлмаган мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар жорий қилинган. 

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларда олий маълумотли мутахассисга бўлган эҳтиёж бўйича бўш иш ўринлари юзасидан маълумотлар расмий веб-сайтларда жойлаштириб борилади.  Жойларда олий таълим муассасалари битирувчилари билан учрашувлар ташкил этиб, уларни чекка ҳудудларда жойлашган, олий маълумотли кадрларга эҳтиёж мавжуд бўлган бюуджет ташкилотларига ишга жалб этиш, шунингдек, ёш мутахассисларга фаолият юритиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш чоралари кўрилган. 

Конференцияда битирувчиларни ишга жалб қилишдаги масалалар атрофлича муҳокама этилди, тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. 

М.Аъзамова, 
ЎзДЖТУ талабаси