Сенат ялпи мажлисида ижтимоий соҳага ихтисослашган давлат ва хусусий олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари ижроси муҳокама қилинди.
Ижтимоий соҳага ихтисослашган 38 олий таълим муассасасининг 49,2 минг битирувчиси бандлигини таъминлаш бўйича ишларни мониторинг қилиб бориш мақсадида Сенат кенгашининг тегишли қарори қабул қилинган.
Мазкур қарор билан битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш ишларини ташкил этишга доир манзилли чора-тадбирлар белгиланган. Уларни амалга ошириш ва назорат қилиш бўйича республика, вилоят ҳамда туман ва шаҳарлар кесимида ишчи гуруҳлар тузилган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда масъул республика ижро органлари билан биргаликда олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини ҳудудлар кесимида манзилли мониторинг қилиш платформаси (daw.ihma.uz, my.ihma.uz) ишга туширилиб, унга 49,2 минг битирувчининг маълумотлари киритилган.
Сенатга бириктирилган 38 олий таълим муассасаларидаги “Карьера марказлари” билан тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлик доирасида битирувчиларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, улар билан суҳбатлар ўтказилган ва иш билан таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилган.
Битирувчилар ва иш берувчилар ўртасида мулоқотлар ташкил этиш бўйича режа-жадваллар тасдиқланиб, республиканинг барча ҳудудларида ёшларни муносиб иш ўринларига жойлаштириш мақсадида битирувчилар ҳамда иш берувчилар ўртасида учрашувлар ўтказилган.

Битирувчиларни ўз мутахассисликлари бўйича мавжуд бўш иш ўринларига жойлаштириш мақсадида маҳаллаларда 300 га яқин меҳнат ярмаркалари ташкил этилган.
Битирувчиларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўз бизнесини йўлга қўйиш имкониятини яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан “Келажакка қадам” дастури доирасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 890 нафар битирувчига 44 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.
Сенаторлар битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлаб, қайд этилган муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан масъул вазирлик ҳамда идораларга тегишли таклиф ва тавсиялар берди.
Муҳокама якунлари бўйича мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ва аниқ муддатлари ҳамда ижро учун масъуллар белгилаб қўйилган тегишли қарор қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА