Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчиларга немис тили дипломлари топширилди
11:20 / 2024-05-09

Хорижий тилларни ўрганиш бугунги давр талабларидан. Зеро, тил билганга имкониятлар эшиги кенг очилади.

Пойтахтимизда жойлашган Гёте номидаги 60-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда ана шундай имкониятлардан фойдаланишни мақсад қилиб, немис тилини пухта ўзлаштирган бир гуруҳ битирувчиларга халқаро “Немис тили дипломи” (Deutsches Sprachdiplom) топширилди.

Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси, Германиянинг хориждаги мактаблар марказий бошқармаси (ZfA) вакиллари, немис тили ўқитувчилари, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги тадбирда мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатишга бўлган алоҳида эътибор хусусида сўз юритилди. Айни пайтда 400 мингдан зиёд ҳамюртимиз олмон тилини ўрганаётгани таъкидланди.

Маълумки, Германия Федератив Республикаси хориждаги мактаблар марказий бошқармаси (ZfA) 90 дан зиёд мамлакатда фаолият олиб бораётган бўлиб, “Мактаблар: келажак ҳамкорлари” (PASCH) ташаббуси доирасида дунё бўйлаб 1100 та мактабни моддий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади. Бошқарманинг немис тили бўйича маслаҳатчи ва координатори бюроси Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан бевосита ҳамкорликда таълим соҳасида халқаро “Немис тили дипломи” (Deutsches Sprachdiplom) дастурини йўлга қўйган.  

Ҳамкорликнинг асосий мақсади давлат тасарруфидаги таълим муассасаларида, яъни, ҳамкор мактаб ва академик лицейларда А2/В1 ва В2/С1 даражадаги халқаро “Немис тили дипломи” (“Deutsches Sprachdiplom DSD Stufe I und Stufe II”) дастурини амалга ошириш бўлиб, мазкур тил билиш тўғрисидаги халқаро ҳужжат Германия олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятини беради.

– Жорий йилда В2/С1 даражадаги халқаро “Немис тили дипломи” учун ўтказилган имтиҳонларда Тошкент шаҳридаги 60-мактаб, Самарқанд шаҳридаги 51-мактаб ҳамда Фарғона давлат университети қошидаги академик лицейининг 90 нафар битирувчиси иштирок этди, - дейди Германиянинг хориждаги мактаблар марказий бошқармаси (ZfA) немис тили бўйича маслаҳатчи ва координатори Светлана Любавина. – Имтиҳон натижаларини баҳолаш жараёни Берлин шаҳрида амалга оширилди. Иштирокчиларнинг 44 нафари диплом олишга муяссар бўлди. Уларнинг 30 нафари эса Германия олий таълим муассасаларида ўқиш имкониятини қўлга киритди. 

 [gallery-17327]

Маросимда иштирок этган Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси биринчи котиби, маданият бўлими бошлиғи жаноб Клеменс Шванҳолд битирувчиларни эришган муваффақияти билан қутлаб, уларга В2/С1 даражадаги халқаро “Немис тили дипломи”ни тантанали равишда топширди. Шунингдек, Германиянинг хориждаги мактаблар марказий бошқармаси (ZfA) билан ҳамкорлик қилувчи мактабларнинг 6 нафар ўқитувчисига ҳам худди шундай дипломлар тақдим этилди.

Камола Юсупова,

Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА