Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида битирувчи ёшларга мутахассислик дипломларини топшириш тадбири ташкил этилди
Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари, ота-оналар, корхона ва ташкилотлар масъуллари ҳамда битирувчи ёшлар иштирок этган тадбирда “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти Бошқарув раиси – Бош директори Қувондиқ Санақулов, вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Ходжаев ҳамда бошқалар сўзга чиқиб, юртимизда ёшларга яратиб берилаётган шароит ва имкониятлар, имтиёзлар ҳақида тўхталди. Университет ҳамда комбинат мисолида таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси кадрлар етиштиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Жумладан, бугунги кунда университетда 42 нафар фан доктори, 170 нафар фалсафа доктори ва фан номзоди фаолият юритмоқда. Илмий салоҳият 65 фоиздан ошган. Президентимизнинг 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2025-2026 ўқув йилидан Зарафшон шаҳрида университетнинг янги факультети ташкил этилмоқда.
[gallery-24488]
Жорий йилда университетнинг кундузги ва сиртқи таълим шаклларини жами 1780 нафар бакалавр ҳамда 53 нафар магистр тамомлади. Ҳозирга қадар битирувчиларнинг 1318 нафари ишга жойлаштирилди. “Келажакка қадам” дастури доирасида эса 31 нафар битирувчига 600 миллион сўмга яқин имтиёзли кредит ажратилди.
– Тўрт йил давомида олган билимларимизнинг самараси ўлароқ университетнинг бакалавр йўналишини имтиёзли диплом билан тугатяпман, - дейди Асилбек Ғофуров. – Талабалик ҳаётимда ўчмас из қолдирди. Яхши натижаларга эришдим. Устозлардан таълим олиб, кўплаб дўстлар орттирдим. Олган билимларимни келажакда юртимизнинг иқтисодиётини янада ривожлантириш учун сарфлайман.
– Бундан олти йил аввал металлургия мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилингандим, – дейди Шаҳзода Ўткирова. – 4 йил давомида устозларимизнинг берган билимлари натижасида 2023 йилда бакалавр йўналишини имтиёзли тугатгандим ва шу йили университетнинг магистратура бўлимига ўқишга имтиёзли равишда қабул қилингандим. Магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиб, бугун ўқишни тугатдим. Магистрлик дипломини олиш нафақат куч беради, балки келажакка бўлган ишонч, ўз устимизда янада кўпроқ ишлаш кераклигини эслатиб туради.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/sQWoyw4WvUQ" title="Bitiruvchilarga mutaxassislik diplomlari topshirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари