Президентимизнинг топшириғига кўра, мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни вазирлик, идора ва ҳокимликларда “Ёшлар куни” бўлиши белгиланди. Унга кўра, соҳага масъул раҳбарлар маҳалла, таълим муассасаларига бориб, ёшларни эшитади ва муаммосини ҳал қилиш юзасидан тизимли ишларни ташкил этади.
Мазкур топшириққа жавобан Тошкент вилоятида барча даражадаги раҳбарлар кун тартибининг салмоқли қисми ёшлар билан мулоқотларга бағишланди. Жумладан, Тошкент давлат аграр университетида Тошкент вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан битирувчи ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими ўринбосари О. Султонбеков, олий ўқув юрти раҳбарияти, факультетлар деканлари, бўлим бошлиқлари ва кафедра мудирлари иштирок этди.

Йиғилишда битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш, ҳудудлардаги бўш иш ўринларига йўналтириш, иш берувчилар билан ҳамкорликни кучайтириш, таълим жараёнини амалиёт билан уйғунлаштириш масалалари атрофлича таҳлил қилинди. Айниқса, дуал таълим тизимини кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш корхоналари билан интеграцияни мустаҳкамлаш орқали талабаларни ўқиш жараёнидаёқ амалий фаолиятга жалб этиш ва улар учун доимий иш ўрни яратиш муҳим вазифа сифатида белгиланди.
Шу билан бирга, ҳар бир битирувчи билан индивидуал ишлаш, уларнинг касбий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда манзилли режалар ишлаб чиқиш ҳамда ҳудудлар бўйича аниқ таклифлар шакллантириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.

Шунингдек, Чирчиқ давлат педагогика университетида ҳам ёшлар ва соҳа раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Унда ёшларнинг таклиф ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш, бандлигини таъминлаш ва касбий ривожланиши учун қўшимча имкониятлар яратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Тадбирда Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхонов, шунингдек, бошқарманинг шаҳар ва туман бўлимлари раҳбарлари, таълим муассасалари директорлари ҳамда битирувчи ёшлар иштирок этди.

Учрашув давомида ёшларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, илгари сурилган таклифлар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумотлар тақдим этилиб, битирувчиларни мутахассислигига мос иш жойларига йўналтириш бўйича амалий чора-тадбирлар белгиланди.
Мулоқотдан сўнг бўш иш ўринлари “Меҳнат ярмаркаси” ташкил этилди.
— Бугунги кунда Чирчиқ давлат педагогика университетида Тошкент вилоятида яшовчи жами битирувчилар 2 минг 352 нафарни ташкил этади. Ярмаркада 353 нафар битирувчи талаба иш билан таъминланди. Жумладан, Ўрта Чирчиқ, Паркент, Оққўрғон, Янгийўл, Бекобод, Қуйи Чирчиқ, Зангиота, Бўстонлик туманлари, Олмалиқ ва Чирчиқ каби шаҳарлардаги таълим ташкилотлари билан меҳнат шартномаси тузилди, — дейди Тошкент вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхонов.
А.Мусаев,ЎзА