Қорақалпоғистон санъат саройида республикадаги мактабларда барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиб, якуний имтиҳонларни муваффақиятли топширган битирувчи ёшларга олтин ва кумуш медалларни топширишга бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, барча битирувчи ёшларни қўлга киритган ютуқлари билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда ёшларни илм-маърифатли, жисмонан соғлом инсонлар этиб тарбиялаш ва вояга етказиш - давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу боис, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўз навбатида, кўрсатилаётган бундай эътибор натижасида улар орасидан кўплаб истеъдодли ва юртимиз байроғини дунёга танитадиган ёшлар етишиб чиқмоқда.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб тарбиялаш, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини муносиб баҳолаш, ёшларнинг билим олиши учун барча шароитларни яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 2024-2025 ўқув йили якунида Қорақалпоғистон Республикасидаги 746 та мактабнинг 11-синфини 25 минг 798 нафар ўқувчи битирди. Ушбу битирувчилардан 537 нафари олтин, 179 нафари кумуш медалга тавсия этилди.

Жўқорғи Кенгес раиси томонидан битирувчиларга бағишланган медаллар тантанали равишда топширилди.
Тадбир маданият ва санъат ходимлари ижросидаги концерт дастури билан якунига етди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири