Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида битирувчи курсантларга “лейтенант” ҳарбий унвони ва диплом топшириш тадбири бўлиб ўтди.
Унда Фавқулодда вазиятлар вазири генерал-майор Абдулла Қўлдошев ҳамда Академия бошлиғи генерал-полковник Қобул Бердиев сўзга чиқиб, мамлакатимизнинг “Таълим тўғрисида” ва “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги қонунлари юртимизда олий маълумотли мутахассис кадрларни ҳар томонлама етук, масъулият ва бурчини чуқур ҳис қиладиган ҳамда ўз касбини севиб ардоқлайдиган, фидойи инсонлар қилиб тарбиялаш учун барча имкониятларни яратиб беришга қаратилганини таъкидлади.
Шунингдек,, сўнгги йилларда олий таълим муассасалари илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш, олий таълимда илм-фанни янада ривожлантириш, унинг академик илм-фан билан интеграциялашувини кучайтириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш, иқтидорли ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Янги Ўзбекистон ёшларига қаратилаётган юксак эътибор ва барча соҳаларда амалга оширилаётган туб демократик ислоҳотлар фарзандларимизнинг интеллектуал салоҳият эгаси, ўз касбининг моҳир устаси, ҳеч кимдан кам бўлмаган авлод бўлиб етишишлари учун асос бўлиб хизмат қилади. “Лейтенант” ҳарбий унвонининг берилиши ва генераллар томонидан битирув дипломлари тантанали равишда топширилиши ёш офицерлар учун катта ишонч ва фахр-ифтихор десак, муболаға бўлмайди. Бу лаҳзалар уларнинг ҳаётида унутилмас олтин саҳифалар бўлиб қолиши шубҳасиз.
Тадбирда қайд этилганидек, бу йилги ўқув йилида 161 нафар битирувчидан 5 нафари имтиёзли (қизил) диплом олишга муваффақ бўлди. Сўзга чиққан битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, таклиф этилган меҳмонлар ўзларининг ҳис-ҳаяжонга тўла тилакларини изҳор этиб, ёш офицерларни самимий муборакбод этди.

– Бугун биз, ёш офицерларнинг қувончимиз чексиз. Бизни вояга етказган ота-оналаримизга, таълим-тарбия берган устозларимизга, барча шарт-шароитларни яратиб берган муҳтарам Президентимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз, – деди битирувчи лейтенант Акбар Хурсанов. – Албатта, халқимизнинг тинч-осуда ҳаётини, соғлиғини асрашдек бахтли касб бўлмаса керак, биз ана шундай қутқарувчиликдек шарафли касбни эгаллаб, етук кадрлар бўлиб етишганимиздан ва Она Ватанимиз равнақига ўз ҳиссамизни қўшаётганимиздан фахрланамиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан яратиб берилаётган кенг имконият ва қулай шарт-шароитларга жавобан, хизмат фаолиятимизда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз, деб ваъда берамиз.
– Бугун иккинчи фарзандим Жалолиддин офицерлик унвонини олиб, мустақил ҳаётга йўл олаётганидан бошим кўкка етди, – деди подполковник Бахшилло Жаҳонқулов. – Ўзим ҳам шу соҳада меҳнат қилаётганим учун бизнинг оиламизда ҳам ушбу касбга хос бўлган муҳит шаклланган ва ўғлим шу руҳда вояга етган. Ишонаманки, фарзандларим жонажон Ватанимиз ва халқимиз хизматида бўлиб, ушбу олий даргоҳда олган назарий билим ва кўникмаларини амалиётда қўллаб, мустақил юрт осойишталигини таъминлашга бор куч ва шижоатларини сафарбар этадилар.
Гулноза Бобоева, ЎзА