Самарқанд вилоятидаги умумий ўрта таълим мактаблари битирувчиларини касб-ҳунарга йўналтириш, қизиқишига мос касбларда фаолият юритишига кўмаклашиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига саёҳат ташкил этилди.

Вилоят халқ таълими ҳамда бандлик бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда туман ва шаҳарлардаги мактабларнинг 300 нафардан ортиқ битирувчилари ҳамда юқори синф ўқувчилари иштирок этди.

– Бир вақтлар коллежларда уч йил ўқитилган касб-ҳунар ҳозир марказимизда 3-6 ойда ўргатилмоқда, – дейди “Ишга марҳамат” мономаркази раҳбари Дилшод Пардаев. – Шунингдек, хорижий тиллар бўйича ҳам машғулотлар олиб борилади. Айни пайтда ўргатилаётган касблар йигирматадан ошди. Муҳими, бу ерда ўқиб сертификат олган фуқаролар ўзимизда ва хорижда қийналмасдан иш топмоқда.

Саёҳат давомида ёшлар марказидаги ўқитиш жараёнлари билан танишди, тингловчилар билан биргаликда дарс машғулотларида қатнашди. Тадбир сўнгида 173 нафар битирувчи мономарказда ўқиш истагини билдириб, шартнома имзолади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА