Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчилар учун яна бир имконият
12:13 / 2025-07-12

Гулистон давлат университетида “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида вилоятдаги ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Бизнес-марафон” тадбири ташкил этилди. Бу тадбир битирувчи талабаларни меҳнат бозоридаги имкониятлар, давлат томонидан кўрсатилаётган кўмак ва тадбиркорликка оид амалий билимлар билан таништириш мақсадида ўтказилди.

Тадбирни университет ректори, техника фанлари доктори, профессор Муҳсин Ходжиев очиб берди. У ўз сўзида мазкур ташаббус ёшларнинг келажакда муносиб иш ўринларига эга бўлиши, шахсий бизнесини йўлга қўйиши ҳамда жамиятда фаол фуқаро сифатида шаклланишига хизмат қилишини таъкидлади.  

Бизнес-марафонда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг Сирдарё вилояти бўлими бошлиғи Улуғбек Ҳакимов, Сирдарё вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси масъули Бобурмирзо  Хўжамқулов, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Соҳиба Маманазарова, Ёшлар ишлари агентлиги бош мутахассиси Фаҳриддин  Мирзамаҳамедов ҳамда тадбиркор, “Интеллект” нодавлат таълим муассасаси раҳбари Азиза Дониёрова ва бошқа ишбилармонлар иштирок этди.

Тадбир очиқ мулоқот руҳида ўтди. Университетнинг битирувчи талабалари “Келажакка қадам” дастури доирасидаги имтиёзли кредитлар, ишга жойлашиш имкониятлари, мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда касбий ривожланиш масалалари юзасидан мутахассислардан атрофлича маълумот олди.

“Бизнес-марафон” нафақат назарий билим, балки ҳаётий йўлланмалар беришда, ёшларнинг ўз имкониятларини англашларида ва келажак режаларини шакллантиришда амалий аҳамият касб этди. Тадбир якунида талабалар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан батафсил  жавоб берилди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири