Битирувчилар учун очиқ эшиклар куни
Бухорода вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамкорлигида пойтахтдаги Британия менежменти университети томонидан «Очиқ эшиклар куни» ташкил этилди.
Умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари қатнашган тадбирда Британия менежменти университети ҳақидаги видеолавҳалар намойиш этилди.
Шундан сўнг университет ректори, профессор Конрад Озог, инглиз тили кафедраси раҳбари, халқаро даражадаги мутахассис Кетрин Рик ҳамда корпоратив алоқалар бўлими бошлиғи Ўткир Норов олийгоҳда таълим олиш учун яратилган шароитлар, имкониятлар, тайёрланадиган мутахассисликлар ҳақида маълумот берди.
Учрашувда иштирокчиларни қизиқтирган саволларига мутасаддилар батафсил жавоб берди.
Тадбир якунида Британия менежменти университети сайти орқали берилган тест синовларида иштирок этиб, юқори натижага эришган иқтидорли ўқувчилар тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА