English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчилар учун иш, ҳокимга таклиф
11:29 / 2024-06-09

Cамарқанд вилоят мусиқали драма театрида олий таълим муассасаларининг битирувчилари иштирокида меҳнат ярмаркаси ҳамда “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Меҳнат ярмаркасида Самарқанд шаҳрида жойлашган ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳа ташкилотлари мавжуд бўш иш ўринларини битирувчиларга  таклиф этди. Битирувчилар ўзлари қизиққан, ҳар томонлама муносиб йўналишлар бўйича иш ўринлари билан  танишиб, жумладан, уларнинг тиббиёт йўналишида таҳсил олган 34 нафари шу ернинг ўзида ишга жойлашиш учун йўлланма олди.  

- Самарқанд давлат тиббиёт университетини битиряпман, - дейди Ситора Шоназарова. – Бугунги ярмаркада шаҳримиздаги 4-оилавий поликлиникага умумий амалиёт шифокори вазифасига ишга қабул қилиндим. Келгусида магистратурада ўқишни давом эттириб, университетда таълим беришни мақсад қилганман.  

Тадбирнинг асосий қисмида Самарқанд шаҳри ҳокими Фазлиддин Умаров битирувчилар орасидан шаҳардаги олий ўқув юртларининг фаол, энг истеъдодли, вилоят ҳокимлигининг истиқболли кадрлар захирасига киритилган 188 нафар битирувчи ёшлари билан суҳбатлашди. Мулоқот давомида талабалар томонидан 20 дан ортиқ таклифлар билдирилди. Хусусан, битирувчилар давлат бошқаруви соҳасида уч ойгача тажриба малака синовини ўтказиш, Самарқанд туризм шаҳри бўлгани боис, маҳаллий ва хорижлик меҳмонларга хизмат кўрсатадиган такси хизмати учун алоҳида мукаммал платформа яратиш, ёшларнинг стартап лойиҳалари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш таклифлари ҳоким томонидан маъқулланди.

[gallery-17766]

Учрашувда фаол иштирок этган ёшлар ва самарали фаолият кўрсатиб келаётган маҳалла ёшлар етакчилари компьютер жамланмалари билан тақдирланди.

Иштирокчиларга театр ижодкорлари томонидан драматург Фармон Тошев асари асосида саҳналаштирилган “Тазарру” спектакли намойиш этилди.

Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА