Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчилар учун бўш иш ўринлари
12:44 / 2023-06-14

Термиз давлат университетида Сурхондарё вилояти прокуратураси, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Якунланаётган ўқув йилида вилоятдаги энг йирик олий таълим муассасасини 6 минг 309 нафар талаба 72 турда бакалавриат, 32 турда магистр мутахассислиги бўйича муваффақиятли битирмоқда. Уларнинг 841 нафари магистратура босқичини тугатаётир.  

Битирувчи йигит-қизларни ўз мутахассислиги бўйича бўш иш ўринлари билан таъминлаш, уларни меҳнат бозоридаги касбларга йўналтириш мақсадида ўтказилган тадбирда кейинги йилларда олий таълим муассасаларини тугатаётган йигит-қизлар бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.  

Бу жараёнда Сурхондарё вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилиб, иш берувчилар билан ҳамкорликда вакансия ва амалиёт ярмаркалари, талабалар учун бизнес учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилгани қайд этилди. Меҳнат ярмаркасида ёш мутахассислар учун вилоятдаги 180 дан ортиқ муассаса, корхона, ташкилот ва тадбиркорлик субъектлари 1 минг 300 дан зиёд бўш иш ўрни билан иштирок этди.  

–Яқинда мутахассислигим бўйича бакалавриат дипломини оламан, – дейди Термиз давлат университетининг география таълим йўналишини битираётган Файзихол Набиева.– Университетни тугатсам иш фаолиятимни мактабдан бошлашни ният қилган эдим. Мана, бугун шу орзуим амалга ошадиган кун экан. Шаҳардаги 20-умумтаълим мактаби билан ўз мутахассислигим бўйича ўқитувчи вазифасига уч томонлама шартнома имзоладик. Бундан жуда хурсандман.

Шу куни йигирмага яқин битирувчи талаба компьютер технологиялари, қурилиш материаллари, IT дастурчиcи, архитектура каби йўналишларда меҳнат қилиш учун шартнома имзолади. Шунингдек, 30 га яқин вақтинча ишсиз фуқаронинг ҳам бандлиги таъминланадиган бўлди. 60 нафари ҳақ тўланадиган ишга, 50 нафари касб-ҳунарга йўналтирилди Талаба-ёшлар ва вақтинча ишсиз фуқароларнинг 290 нафарига ҳуқуқий маслаҳат берилди.  

Холмўмин Маматрайимов,  

ЎзА мухбири