Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчилар, парвозингиз юксак ва бехатар бўлсин!
10:02 / 2022-07-17

“Янги Ўзбекистон” боғи юртимизга ташриф буюрадиган мартабали меҳмонларнинг муқаддас қадамжойига айланган.

Шунингдек, мамлакатимиз  ҳаётидаги  унутилмас воқеалар, тантанали тадбирларнинг ҳаяжонли лаҳзаларига ҳам  ана шу  муаззам  боғ  – шоҳид. Тошкент давлат юридик университетининг ихтисослаштирилган филиали илк битирувчиларининг  битирув ва қасамёд маросими ҳам худди ана  шу боғда бўлиб ўтди.  


 
– Бундан уч йил олдин   Президентимизнинг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизилигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  қарорига асосан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари учун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида олий юридик маълумотли кадрлар тайёрлайдиган Тошкент давлат юридик университети ихтисослаштирилган филиали фаолияти йўлга қўйилган эди – дейди филиал директори, юридик фанлар доктори, профессор Аброржон Отажонов.

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда.

Ҳақиқатан ҳам  Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида кўзланган мақсадларга эришишда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида замонавий илм сирларини эгаллаган, теран фикрлайдиган ва янгича дунёқараш соҳиби бўлган кадрларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади.

– Филиалимизда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича кундузги таълим шаклида бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича йилига 255 нафар қабул квотаси бўйича давлат грантлари асосида юридик кадрлар тайёрланади, – дейди А.Отажонов. – Бугунги кунда филиалда   848 нафар талаба таҳсил олмоқда. Қайта тайёрлаш курсларида жами 50 нафар тингловчи таҳсил олаётган бўлиб, уларнинг 45  нафарини ички ишлар органлари, 5 нафарини Миллий гвардия тузилмалари ходимлари ташкил этади.

Ўтган давр мобайнида талабаларда таълим беришнинг модул тизими асосида юриспруденция соҳасида базавий ва амалий касбий тайёргарлик шакилланди, ўқув жараёни назарий тайёргарликнинг ҳуқуқни қўллаш фаолияти билан узвий боғлиқлигини таъминлашга қаратилган замонавий усуллар, ахборот-коммуникация технологиялари асосида олиб борилди. Талабаларнинг психологик тайёргарлиги, ҳуқуқий, сиёсий маданияти ва ҳуқуқий онгини оширишнинг самарали тизими жорий этилди.

Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғига асосан 233 нафар битирувчига, Миллий гвардия қўмондонининг тегишли буйруғига асосан 3 нафар битирувчига “лейтенант” махсус унвони берилди.  Филиалнинг 10 нафар битирувчиси белгиланган таълим дастурини аъло баҳолар билан якунлаб, имтиёзли диплом олиш ҳуқуқига эга бўлди.

Тантанали тадбир ҳарбий оркестрнинг мусиқа садолари остида улуғвор кўтаринкилик билан  ўтди.    Адлия,    Ички ишлар вазирликлари, Миллий гвардия ва бошқа вазирлик  ҳамда идоралардан  келган меҳмонлар, кенг жамоатчилик ва битирувчиларнинг  ота-оналари илк қалдирғочларни табриклади.

Жорий йилда  261 нафар  олий юридик маълумотли битирувчи ўқишни тамомлаб,   Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида профилактика инспектори лавозимида хизмат фаолиятини бошлайди.

Битирувчилар хизматга кириш олдидан тантанали қасамёд қабул қилди. Ҳар бир битирувчига филиалда ўқишни тамомлаганлиги ҳақида “кўкрак нишони” топширилди. Биринчи битирувчиларнинг “Ватанимга садоқат билан хизмат қилишга қасамёд қиламан...” деган  сўзлари ҳар гал жаранглаганда, Ватанга фидоий ёшларнинг қатъиятидан тўпланганларнинг қалби ифтихорга тўлди.

– Бугун мен ва мен каби майдонда  саф тортиб турган тенгдошларим учун ниҳоятда қувончли кун, – дейди Анвар Ҳалимов. – Биз шу олийгоҳнинг биринчи битирувчилари эканлигимиздан фахрланамиз. Келгусида Она Ватанимизга садоқат ва ҳалоллик билан хизмат қилиб, халқимиз осойишталиги ва фаровонлигини таъминлашда билим
ва кўникмаларимизни, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Ўзбекистон Республикаси ички ишлар органлари хизматига қабул қилиниб, “лейтенант” махсус унвонини олганимиз келгусида ўз касбимизга муносиб бўлишга, чинакам халқпарвар ходим сифатида фуқароларимизнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга пойдевор бўлиши аниқ. Юртбошимизнинг “Одамлар ички ишлар органларининг ҳар бир ходимида ўз ҳимоячисини кўриши керак” деган даъватларини доим ёдда тутамиз. Ички ишлар органлари ходими деган юксак номга муносиб бўлишга, Ватанимизга ва халқимизга садоқат билан хизмат қилишга ваъда берамиз!

Ота-оналар учун фарзандининг  камолини кўришдан ортиқ бахт йўқ. Ота-оналарнинг қалби  ғурурга тўлганган лаҳзаларнинг гувоҳи бўлиш жуда ёқимли.  Навқирон йигит-қизларнинг мустақил ҳаётга   қўяётган қадамида шараф ва  ўзига яраша юксак масъулият, залворли юк борлигини ҳам энг аввало, ота-оналарнинг юраги ҳис этади.

– Бугун жудаям бахтиёрман. Сафда виқор билан турган  фарзандимнинг  қадди бастига қараб, чеҳрасидаги қувончни кўриб қалбим  ғурурга тўлди. Ўғлим Расулжоннинг ҳар бир ютуғи мен учун  катта мукофот, – дейди Замира Шоназарова. – Жонажон Ўзбекистонимиз ва муҳтарам Президентимизга садоқат билан хизмат қилишга тайёр бўлган фарзанднинг онаси эканлигимдан фахрланаман. Бунинг замирида азиз устоз-мураббийларнинг, филиал раҳбарияти ва жамоасининг машаққатли меҳнати борлигини ҳамда масъул вазирликларнинг амалий ёрдамини алоҳида эътироф этмоқчиман. 

        Маруса ҲОСИЛОВА, ЎзА