Наманган вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, вилоят тўртинчи сектор раҳбари Алишер Бойхонов ўзи ўқиган Наманган тумани Оқбулоқ маҳалласидаги 18-сонли умумтаълим мактабидаги “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида ўтказилган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбeкистон Рeспубликаси Давлат мадҳияси янгради. Президентимизниинг умумий ўрта таълим мактабларининг битирувчи ёшларига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Вилоят бош солиқчиси мустақил ҳаёт йўлига қадам қўяётган йигит-қизларга Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшадиган садоқатли ва фидойи инсонлар бўлиб камол топишларига тилак билдирди. Намунали хулқи ва аъло билими билан ўрнак бўлган ёшлар ҳар йилги махсус совға – ноутбук компьютери билан тақдирланди.
Шунингдек, солиқ раҳбари ташаббуси билан анънавий тарзда ўтказиб келинаётган аниқ фанлар – математика, физика ва кимё фанларидан билимлар беллашувининг ғолиблари ҳам муносиб рағбатлантирилди. Мактабда якунига етаётган ўқув йилида салмоқли натижаларга эришилди. Жумладан, 12 нафар ўқувчи муддатидан олдин олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилинди. Улардан тўрт нафари имтиёзли давлат гранти соҳиби бўлди. Олти нафар ўқувчи вилоят фан олимпиадасида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Бир ўқувчи эса Наманган давлат университети томонидан физика фани бўйича ўтказилган фан олимпиадасида вилоятдаги умумтаълим мактаблари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.
Оқилхон ДАДАБОЕВ, ЎзА