Юртимизда ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, замонавий касбларга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ҳамда меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Ана шу йўналишда Хонобод шаҳрида дуал таълим тизимини жорий этиш, ушбу тизим асосида ўқувчи ва талабаларини ишлаб чиқариш корхоналарига жалб этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

- Шаҳардаги умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларнинг 350 нафар битирувчисининг касб-ҳунар эгаллашига кўмаклашиш мақсадида улар ишлаб чиқариш корхона ва ташкилотларига жалб этилган, - дейди Хонобод шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Шаҳло Турсуналиева. - Бу битирувчиларимизга мактабни бирор касб-ҳунарни ўрганган ҳолда тамомлаш имконини беради.

Бундан ташқари, шаҳардаги иккита техникумнинг 357 нафар ўқувчиси “Uzkoje” хорижий корхонаси, “Lens Textil”, “Fauz Tex”, “Oltin Vodiy Textile” сингари корхоналар ҳамда Кампирровот сув тозалаш иншоотида дуал таълим асосида амалий машғулотларда иштирок этмоқда.

Ўқувчилар назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамламоқда.
Амалий машғулотлар жараёнида ёшлар замонавий технологиялар билан ишлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини ўрганиш, меҳнат интизоми ҳамда жамоада ишлаш кўникмаларини шакллантирмоқда. Бу уларнинг касбий салоҳиятини ошириш, келгусида ишга жойлашишлари учун мустаҳкам замин яратади.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари