Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Битирувчилар иш берувчилар олдида имтиҳон топширди
17:38 / 2025-06-24

Самарқандда вилоятдаги техникумлар битирувчиларининг якуний давлат аттестацияси иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирокида кўргазмали имтиҳон шаклида ўтказилиши муносабати билан республика семинари ташкил этилди.

Семинарда вилоятлар олий таълим, фан ва инновациялар бошқармалари бошлиқлари, республикамизнинг турли ҳудудларидан келган 60 нафардан ортиқ техникум директорлари, Самарқанд вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, иш берувчи корхона ва ташкилотлар ҳамда 57 та касбий таълим муассасаси директорлари қатнашди.

Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов, мазкур вазирлик профессионал таълим тизимини ривожлантириш департаменти бошлиғи Ў.Алижонов юртимизда касбий таълимда халқаро талабларга жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар ва унинг самаралари ҳақида сўз юритиб, битирувчиларнинг якуний давлат аттестациясидан иш берувчилар олдида ўтиши уларнинг касб кўникмасани қанчалик пухта эгаллаганини кўрсатиб беришини таъкидлади.

– Бугунги кунда касбий таълим ташкилотлари олдида турган энг муҳим вазифалардан бири – меҳнат бозори талабларига мос, рақобатбардош, билимли ва амалий кўникмаларга эга мутахассислар тайёрлашдир, – дейди Самарқанд вилоят олий таълим, фан ва инновациялар бошқармаси бошлиғи А.Насимов. – Бу жараёнда битирувчиларнинг якуний давлат аттестациясини самарали ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Чунки якуний давлат аттестацияси ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини баҳолаш, уларнинг келгуси меҳнат фаолиятига тайёрлигини аниқлашнинг асосий мезони ҳисобланади. Шу маънода техникум битирувчиларининг қобилияти ва интилишларини ривожлантириш, касбий маҳоратларини оширишга кенг имкониятлар яратиш ҳамда корхона, ташкилот, муассаса ва тадбиркорлик субъектларига техникумларда тайёрланаётган ўрта бўғин кадрларнинг касб маҳоратини иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари олдида намойиш этиш семинарнинг бош мақсадидир.  

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 октябрдаги “Касбий таълимда малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш ва халқаро таълим дастурларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Самарқанд вилоятидаги 69 та касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар оптималлаштирилиб, уларнинг негизида миллий малака рамкасининг 3, 4, 5 даражалар бўйича кадр тайёрлайдиган ягона 57 та касбий таълим ташкилоти қайта ташкил этилди.

[gallery-24032]

Мазкур касбий таълим ташкилотларида 135 та, жумладан, касб-ҳунар мактабларида 48 та, коллежларда 11 та,  техникумларда 76 та касб ўргатилади. Шунингдек, вилоятдаги 54 та касбий таълим ташкилотида дуал таълим ташкил етилган бўлиб, 564 та корхона ва ташкилот билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.  

2024/2025 ўқув йилида вилоятдаги касбий таълим муассасаларини 18 минг 473 нафар ўқувчи  битирмоқда. Транспорт, тиббиёт, саноат, педагогика, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар учун ўрта бўғин кадрлари бўлган бу ёшлар вилоятдаги 3139 та корхона ва ташкилотга бириктирилиб, ушбу ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўтади.

Якуний давлат аттестациясини иш берувчи корхона ва ташкилот вакиллари кўз ўнгида амалий имтиҳон шаклида ўтказиш жараёнида 2000 нафарга яқин битирувчи келгусида ўз мутахассислиги бўйича аниқ иш ўринларига эга бўлди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари