Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Битирувчилар форуми” иштирокчиларда ёрқин таассурот қолдирди
23:12 / 2023-11-22

Жиззах давлат педагогика университети 1974 йили педагогика институти номи билан янги очилган қўриқ вилоятнинг биринчи олий ўқув юрти сифатида ташкил этилган эди. Университет мақомига эга бўлган олий ўқув юрти келгуси йили 50 йиллигини нишонлайди. Ана шу ўтган давр мобайнида мазкур илм масканини 55 минг 397 нафар йигит-қиз битирди.

Олий таълим муассаси раҳбарияти ташаббуси билан университетда “Битирувчилар форуми” ташкил этилиб, ўтган йиллар давомида ушбу даргоҳни тамомлаган собиқ битирувчилар таклиф этилди.  

Тадбирга юртимизнинг турли гўшаларидан 300 нафардан зиёд битирувчи ташриф буюрди. Жорий ўқув йилида олий ўқув юртини тамомлаётган 5 мингга яқин талаба уларни гуллар билан тантанали кутиб олди.  

Эллик йил  қисқа муддат эмас. Бу давр инсонга қанчадан- қанча таассуротларни, шахсий ҳаётида ҳамда иш фаолиятида ўзгаришларни, шодлик ва ғамгин дамларни бахш этганидан кўз юмиб бўлмайди. Талабалик олтин давр, орадан йиллар ўтиб, ўша олтин даврни ёдга олиш ҳам қувончли, ҳам ҳаяжонли.  

Собиқ битирувчилар олий ўқув юртида ўтган даври, таълим берган устозларини эслаб, улар ҳақида илиқ фикрларини билдирди. Учрашув сермазмун ва қизиқарли тарзда кечди. Суҳбатларда давлатимизнинг соҳага оид бир қанча қарор ва фармонлари ва айнан таълим тизимини тубдан яхшилаш, устозларга кўрсатилаётган эътибор мамнуният билан таъкидланди. Шу билан бир қаторда собиқ талабалар университет равнақи учун хизмат қиладиган амалий таклифларни билдиришди.  

Очиқ мулоқот тарзида ўтган давра суҳбатидан сўнг, собиқ битирувчилар учун университет бўйлаб саёҳат ташкил этилди.  

Дастлаб меҳмонлар энг замонавий жиҳозлар билан таъминланган, 50 минг китоб фрндига эга кутубхона билан танишди. Шундан кейин  “Қатағон қурбонлари музейи”да бўлди.  

Собиқ талабалар республика миқёсида биринчилардан бўлиб Жиззах давлат педагогика университетида очилган Регистратор офисида жорий этилган янгиланишларни диққат-эътибор билан кузатди. Меҳмонлар Регистратор офисида ходимлар билан танишиб, етакчи мутахассислар билан яқиндан суҳбатлашди.  

– Шу даргоҳни битирганимга 35 йил тўлган бўлса, ўша кунлар ва бугунги кунни солиштирсам ер билан осмонча фарқ борлигини кўриш мумкин, – дейди Халқаро тоифадаги бокс ҳаками, I даражали “Соғлом авлод” учун ордени соҳиби Шавкат Бадалов. – Бугун нафақат собиқ битирувчилар, балки талаба- ёшлар билан ҳам суҳбатлашишга муяссар бўлдик. Учрашув давомида менга ҳам сўз беришди. Унда талаба ёшларга “Шундай устоз бўлингки, сизни 50 йилдан кейин ҳам ажиб бир ҳурмат билан ёдга олиш бахтига сазовор бўлишсин!” деган тилакни билдирдим.

–Ростини айтсам, бугунги талабаларга ҳавасим келди, лаборатория жиҳозлари, кутубхона ва ўқув хоналарини кўриб, дилим яйради, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муқаддас Тиркашева. – Мени яна бир янгилик жуда қувонтирди. Университет ректорининг ташаббуси билан кўп йиллар шу даргоҳда фаолият юритган марҳум устоз профессор-ўқитувчилар номи билан аталувчи стипендиялар жорий этилган экан. Шунга менинг отам, марҳум Баҳром Мамажонов ҳам лойиқ кўрилганидан беҳад қувондим. Бу мен ва оила аъзоларимиз учун фахр деб биламан. Бу стипендиялар иқтидорли, ҳар ишда фаол талаба -ёшларга берилар экан.  

–Йигирма йил муқаддам ўзим тамомлаб кетган олий ўқув юртидан таклифнома олганимда, ҳаяжондан беихтиёр кўзларимга ёш келди, – дейди айни пайтда Чирчиқ педагогика университетида меҳнат фаолиятини олиб бораётган профессор Шаҳло Ботирова. – Таълим масканининг замонавий қиёфасини кўриб, чиндан ҳайратландим. Биз ўқиган шароитлар билан ҳозирги имкониятларни мутлақо солиштириб бўлмайди. Шундай улуғ даргоҳда таълим олиб, ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Илмий унвонларга эга бўлдим. Бугунги тадбир баҳонасида ёши улуғ устозларимиз билан дилдан суҳбат қурдик.  Мана шундай тадбирларни ташкил қилган университет раҳбариятига алоҳида миннатдорчилик билдираман.

– Мен ҳам шу олий ўқув юртининг битирувчиси бўлганим учун бугунги тадбирда жуда кўплаб таниш чеҳраларни кўриб, дилим равшан тортди, – дейди Жиззах давлат педагогика университети ректори Шавкат Шарипов. – Фикримча, бугунги тадбирга шу даргоҳнинг тақдирига бефарқ бўлмаган,  ютуқларидан қувонган, юртимизнинг турли гўшаларида таълим тизимида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларимиз, бошқа соҳаларда ҳам жонкуярлик билан меҳнат қилаётган собиқ битирувчиларимиз  келишибди. Уларнинг билдирган ҳар бир таклифи ва тавсияси олий таълим муассаси равнақида жуда муҳим ўрин тутади, деб ўйлайман.  

Ҳақберди Ҳамзаев,  

ЖДПУ Регистратор офиси бошлиғи.  

ЎзА