Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига қўйилган номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ўтаётган сайлов жараёнлари тобора қизғин паллага кириб бормоқда. Жараёнда ҳар бир партиядан кўрсатилган номзодлар ўз сайловчилари билан учрашиб, сайловолди дастури ҳақида маълумот бермоқда.
Учрашувда номзодлар ҳаёти ва фаолияти тўғрисида, шунингдек, партия томонидан ўтган беш йилликда амалга оширилган ишлар ҳамда “Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!” шиори остида 2024-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастуридаги энг муҳим жиҳатлар тўғрисида сайловчиларга батафсил маълумотлар берилди.

Фуқароларни иш билан таъминлаш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари муҳофазасини кучайтириш, ҳаёт тарзини яхшилаш, хавфсизлигини таъминлаш, имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқариш ҳамда уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш энг долзарб вазифалардан биридир. Маълумотларга кўра, ҳар йили мамлакатимизда 200 мингдан зиёд ёшлар олий таълим муассасаларини тугатиб, меҳнат бозорига кириб келмоқда. Уларнинг бандлигини таъминлаш, мутахассислигидан келиб чиқиб иш ўринлари яратиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Битирувчи ёшлар ўзларининг иш жойларига эга бўлиши учун “Адолат” СДП сайловлар олдидан олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари учун “Кафолатланган биринчи иш жойи” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш ғоясини илгари сурмоқда.

Шунингдек, тадбирда “Ақлли тиббиёт” тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, “Электрон поликлиника” ва “Ягона электрон анкета” тизимларини йўлга қўйиш, хусусий тиббиёт, таълим ва овқатланиш корхоналарида санитария-эпидемиология назорати амалга оширилишини кучайтириш орқали аҳолини заҳарланиш ҳамда юқумли касалликлардан ҳимоя қилиш каби муҳим масалаларнинг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Учрашувда номзод сайловчиларнинг саволларига атрофлича жавоб қайтариб, сайловларда фаол бўлишга чақирди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири