Сирдарё политехникумининг “Автомобиль двигателларини ташхислаш ва таъмирлаш” йўналишини битирган 30 нафар ёш мутахассисга диплом ва ишга йўлланмалар топширилди.
Битирувчилар тумандаги юк ва йўловчи ташишга мўлжалланган транспорт воситаларини йиғишга ихтисослашган “Асака Motors” автозаводида иш бошлайди.
Диплом топшириш тадбирида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди.
– Мамлакатимизда ёшларни таълим билан қамраб олиш, уларнинг замонавий касбларга эга бўлиши ва ишга жойлашиши учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда, – деди Э.Турдимов. – Бу давлатимиз раҳбари олиб бораётган ёшлар сиёсати самарасидир. Сизлар мазкур таълим йўналишининг илк битирувчиларисиз. Қувонарлиси, фақат диплом эмас, балки аниқ иш ўрнига эга бўлиб, ҳаётга қадам қўйяпсиз. Эндиликда юрт равнақи, Сирдарёда автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшасизлар.
Тадбир доирасида таълим жараёнининг ишлаб чиқариш билан узвий боғлиқлиги, кадрлар тайёрлашда амалий машғулотларнинг аҳамияти алоҳида қайд этилди. Битирувчилар таълим жараёнида назарий билимлар билан бир қаторда, “Асака Motors” автозаводида ишлаб чиқариш амалиётини ҳам ўташди. Бу эса уларнинг касбий маҳорат ва тайёргарлик даражасини оширишга хизмат қилди.
– Давлатимиз раҳбарининг бизга билдирган ишончини оқлаш — асосий вазифамиз. Сирдарёда ҳам юксак технологияларга асосланган, жаҳон стандартларига мос автомобиллар ишлаб чиқариш учун бор билим ва кучимизни сафарбар этамиз, — дейди битирувчилардан бири Азизбек Раҳматов.
Ушбу йўналишдаги амалий тажриба ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари ва ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқмоқда. Айниқса, ўқувчиларни ишлаб чиқариш муҳитида ўқитиш, уларни реал сектор эҳтиёжларига мос равишда тайёрлаш таълим тизимининг муҳим устувор йўналишига айланган.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири